Главная » 2011 » Ноябрь » 19 » Ўзбек киносида биринчи рақамли актриса ким?
11:29
Ўзбек киносида биринчи рақамли актриса ким?


«Дилдан суҳбат» лойиҳасининг бугунги таклиф этилган журналисти — киношунос Феруза Нодирова. Меҳмонларимиз эса таъбир жоиз бўлса, ўзбек киносида ўз йўлини топиб олган, озми-кўпми мухлисларига эга ёш актрисалар Асал Шодиева, Шаҳзода Муҳаммедова ҳамда Севара Солиева. Суҳбат «Тегирмон» қаҳвахонасида бўлиб ўтди…
Феруза Нодирова: — Қизлар бугун сизларни кўрганимдан жуда хурсандман! Бевосита суҳбатга ўтсак. «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофорумига чет элдан ташриф буюрган ижодкорлар ўзбек киноси миллийлиги билан дунёни забт этган, деган фикрни олға суришди. Сизлар учун миллийлик тушунчаси қандай? Назаримда, охирги вақтларда актрисаларнинг кинодаги образларида орият етишмаётгандек. Ҳаётда фильмдаги қаҳрамонингиз каби ҳаракатлар қилмайсиз-ку! Буни ролга кўр-кўрона ёндашишдеб тушуниш керакми?
Ш.М.: — Йўқ, янглишяпсиз. Миллийлик тушунчаси доим қалбимда. Ҳаттоки, либос яратаётганимда ҳам миллийликка алоҳида эътибор бераман. Чунки, Европа мода оламини айнан миллий либосларимиз билан лол қолдириш мумкин. Бир томондан ҳақсиз, яқинлар билан кўришга ҳижолат тортадиган образлар ҳам бор. Масалан, дард тутадиган саҳналар бўлганда, рости ижро этишга уяламан.
А.Ш.: — Доим бу борада атрисаларни танқид қилишади, режиссёрлар эса четда қолади. Нима учун бундайлигига ҳалигача ақлим етмайди?! Ўзбек киносининг даражасини белгилаб берадиган режиссёрлар-ку! Биз актрисалар қўпол қилиб айтганда — улар айтган талабни бажариб берадиган қўғирчоқмиз. Лекин шу вақтгача тарбиямга зид келадиган ролларни ўйнамаганман. Ижодимни кузатсангиз, бирон фильмимда «мен сизни севаман!» деган гап айтмаганман. Йигит кишига бу гапни айтиш, ўзбек қизига хос иш эмас. Балки шунинг учун ҳам режиссёрлар «жуда инжиқ актрисасиз», деб танқид қилишар?! Мен инжиқ эмасман, талабчанман.
C.С.: — Фильмларда қучоқлашадиган, севги изҳор қиладиган саҳналарни ёқтирмайман. Илк катта фильмим — «Пойма-пой»да режиссёр мени алдаб қўйган. Кинога эндигина қадам қўяётган актриса бўлганим учун кўп нарсаларни билмаганман-да! «Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади», дейишгандек, ҳозир режиссёрлардан таклиф тушса, олдиндан «қучоқлашмайман, севги изҳор қилмайман…» деган талабларимни қўяман.
Ф.Н.: — Кино қайсидир маънода бу — бизнес. Ҳар бир актёрнинг белгиланган гонорари бор. Бу даврада ўтирган актрисаларни ҳам «қиммат гонорарли актриса», десам янглишмайман…
А.Ш.: — Агар кино мен учун бизнес бўлганида, ҳар икки кинодан бирида Асал Шодиева чиқиб турган бўларди. Охирги вақтда кинода кам кўриняпман. Чунки сценарий танлаб, сара фильмлардагина суратга тушяпман. Юки оғир сценарий бўлса, гонорар ҳақида ўйлашнинг ўзи аҳмоқлик. Кун келиб ҳеч ким кўрмайдиган фильм учун юқори гонорар олиб, тер тўкмайман!
Ш.М.: — Сценарийнинг ғояси зўр бўлса, образни бутун вужудим билан ижро этаман. Демакки, бу ерда гонорар иккинчи планга тушади. Баъзида «рейтингингни, қадрингни бил. Юқори гонорар сўрамайсанми?» дегувчилар бўлади. Бироқ, бу гаплар мен учун аҳамиятсиз.
C.С.: — Биз ҳали ёш актрисалармиз. Катта миқдордаги гонорар сўрашимизга ҳали жуда эрта.
Ф.Н.: — Сизларни белгиланган гонорарингиз қанча? Менимча, мингдан тўрт минг долларгача, тўғрими?
А.Ш.: — Тўрт минг долларни ким беради, Феруза опа? «Асал, анчадан бери танишмиз-ку, фильмимда суратга тушиб бер», деб келади, қандай рад этасиз? Мана бизнинг гонораримиз! Баъзи режиссёрлар эса келишган маблағнинг ярмини бериб қутилади.
Ш.М.: — (Асабийлашиб). Феруза опа, продюсерлар худди гадой каби «маблағимиз йўқ, илтимос фильмимда суратга тушиб беринг», деб илтижо қилади, қақшайди. Гапига ишониб, фильмида иштирок этганман. Ҳатто, ўша продюсерлар зўр касса қилган фильмидан маблағ ҳам ажаратмаган. Бир режиссёр фильми учун ваъда қилган гонорарини бермай, алдаб кетганди.
Ф.Н.: — Гонорар биз учун муҳим эмас, деган гап сизлардан чиққанмиди (кулади)?
А.Ш.: — Тўғри, шундайликка шундай. Лекин меҳнатинг эвазига ҳақ олишинг керак-ку! Ахир шу касбдан нон топамиз. Бор эътибор, кучимиз, вақтимизни шу фильмларга сарфлаймиз.
Ф.Н.: — Ҳам актриса, ҳам томошабин сифатида бугунги қизғин кечаётган киножараён ҳақида қандай фикрдасиз?
А.Ш.: — Охирги вақтларда тақдимотларга бормай қўйганман. Асли премьераларда иштирок этишни ёқтирмайман. Лекин ТВ орқали намойиш этилган «Қўрғошин» фильмини кўриб, жуда таъсирландим. Зулфиқор Мусоқов томошабинга тарихни жонлантириб берди. Бу алоҳида эътирофга лойиқ.
Ш.М.: — Ўзбек киноси ривожланиш йўлида кетяпти. Албатта ютуқ билан бирга камчиликлар бўлиши ҳам табиий. Томошабиннинг ғашини келтирадиган бачкана фильмлар ҳам бор. Лекин ёмонни «ёмон», деяверса, у борган сари ботқоққа ботиб кетаверади. Шунинг учун яхшиликка умид қилиб яшаш керак.
C.С.: — «Алдаган аёл», «Уқубат», «Оқибат» фильмларини кўриб жуда таъсирландим. Рости, йиғлаб ҳам олдим. Ўзбек киносида шундай қизғин жараён давом этаверсин. Шунда савия ҳам ўсаверади. Режиссёрлар чет эл фильмларидан кўчирмасдан, ўғирламасдан ишласа янада яхши бўларди.
Ф.Н.: — «Олтин гепард» Тошкент Халқаро кинофорумида томошабинни фикрлашга ундайдиган фильмлар намойиш этилди. Афсуски, ўзбек томошабинларининг ҳамма ҳам уларни ҳазм қилолмайди. Ҳозирги томошабин «ур-сур» фильмларга ўрганган.
А.Ш.: — Узр, гапингизни оғзингиздан бўлдим. «Ўзбек халқи ўйлантирадиган, фалсафий фильмларни тушунмайди», деган фикрга қўшилмайман. Режиссёрлар кинони ўзича «хонтахта» ва давлат фильмлари, деб икки турга ажратиб қўйган. Унда «хонтахта» фильмларни яхши кўрадиган томошабин учун ишлашсин. Халқ учун эса сифатли, фалсафий фильм ишлаб ТВ орқали тақдим қилишсин. Масалан, «Қўрғошин» фильми катта экранда уч кунгина турди. Бироқ, ТВ орқали намойиш этилганда, оғизга тушди. Ҳурматли режиссёрлар «хонтахта» фильмларни кўриш учун кинотеатрга келаётган беш юзта томошабин бу — бутун халқ дегани эмас. Улар учун хулоса чиқарманг! Ёш томошабиннинг эътиборини давлат фильмларига қаратиш учун балки ёш актёрларни ҳам давлат киносига таклиф этиш керакдир? Шахсан менинг илк ролим — «Жаннат қайдадур» фильмида бўлган. Кинога осмондан тушиб қолмаганман. Устоз санъаткорлар билан ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Яна давлат фильмларига таклиф этишса жон, деб қатнашган бўлардим.
C.С.: — Асалнинг фикрига қўшиламан. Ўзим иштирокимдаги «Чол ва набира» фильмини кўриш учун кинотеатрга борсам, намойишдан олиб ташланган экан. Бироқ ТВ орқали кўрсатилганда, машҳур бўлди.
Ш.М.: — Тижорат фильмларини кўрмайдиган режиссёрлар ҳам бор-да! Балки имкониятларимизни билмаганликлари учун ҳам давлат фильмларига чақиришмас, яна ким билсин…
Ф.Н.: — Хусусий фильмларга тош отаяпсизлар. Тижорат фильмлари ҳам кинонинг бир йўналиши. Лекин учовингиз ҳам айнан ёшларбоп, «хонтахта» фильмларда суратга тушаяпсиз-ку? Гапираётган гапингиз, амалдаги ишингизга мутлақо зид бўляпти…
А.Ш.: — Давлат киносида суратга тушишимиз учун аввал хусусий кинода ўзимизни чиниқтиришимиз керак. Ботқоқни кўрмагунча, зарнинг қадрига етмайди, киши. Масалан, Раъно Шодиева, Дилноза Кубаева давлат фильмларида суратга тушишга ҳақли. Чунки улар нимага қодирлигини исботлаб улгурган, биринчи рақамли актрисалардан.
Ф.Н.: — Машҳурлик даражасига эришишнинг ўзи бўлмади. Тақдир тақазоси билан оила қурганингиздан сўнг санъатни тарк этишга тўғри келса…
А.Ш.: — Машҳурликдан одам чарчар экан. Оилавий бахт мен учун биринчи ўринда! Борди-ю, бўлажак турмуш ўртоғим санъатдаги фаолиятимни давом эттиришимга рухсат берган тақдирда ҳам ўз фикримдан қайтмасдим. Чунки, эртадан кечгача суратга олиш майдончасида юриб, ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиқаман. Истагим, оила қургач, осуда ҳаёт кечириш. Балки бир йилда бир-икки марта сара фильмда кўринарман.
Категория: Новости | Просмотров: 812 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 1
0  
1 JANOB_XECHKIM   (19.11.2011 11:33) [Материал]
Ш.М.: — Атрофимдаги ¢н олти, ўн етти ёшда турмуш қурган танишларимнинг кўпи бахтсиз. Шунинг учун мен ҳам эртага «нега машҳурлигимни қурбон қилдим?» дея афсус чекишни истамайман. Рости, эртанги куним борасида аниқ гап айтолмайман. Дейлик, кино — бир коинот. Орзуингдаги шаҳзода ўз дунёсига олиб кетса, узоқдан коинотга қараш оғриқли бўлади. Кино оҳанрабодек ўзига тортаверади-да! Ижодимда бироз танаффус бўлиб қолса, камерани соғинавераман.
C.С.: — Қўлимизни сўраб келган йигит бизни бахтли қилишига ҳеч ким кафолат бермайди-ку!
А.Ш.: — Нега кимдир сенга кафолат бериши керак? Қарс икки қўлдан чиқади. Бахтли бўлиш учун икки ёш баробар ҳаракат қилиш керак, Севара!
Ф.Н.: — Тўппа-тўғри. Қизлар, 2011 йил сизлар учун қандай келди? Айнан кино соҳасидаги йил якунлари, сарҳисоби сизларни қониқтирдими?
А.Ш.: — «Жигарбандим», «Менинг дўстим — руҳ», «Салом севги, хайр севги» ва ижодимда туб бурилиш ясалиши кутилаётган «Манзил» фильмларида суратга тушдим. 2011 мен учун жуда самарали йил бўлди.
Ш.М.: — 2011 йил суратга тушган «Йигит йиғламасин» (фаррош), «Манзил» (салбий роль) фильмлари “бананчи” қизни юз фоиз ўзгартиради. Бу йил кўп ишламаганимнинг боиси, дизайнерликка кўпроқ эътибор ажратдим.
C.С.: — Мазкур йилда ижодимдан қониқмадим. Чунки ўзим истагандек жўшқин ижод қилолмадим. 2011 йил ҳисобидан «Вафодорим», «Тилла бува», «Ақл ва юрак», «Ёзсиз йил» фильмларида суратга тушдим.
Ф.Н.: — Барчангизга 2012 йил µар томонлама самарали келсин! Бугун сизларни ўзим учун кашф этдим. Дийдор учун ташаккур!
А.Ш.: — Сизга µам раµмат!
Кинодаги ташриф қоғози
Асал Шодиева — «Жаноб ҳеч ким» фильми.
Шаҳзода Муҳаммедова — «Тундан тонггача» фильми.
Севара Солиева — «Пойма-пой» фильми.
ОЙДИНЛИК КИРИТАМИЗ
— Асал Шодиева турмушга чиқаётган эмиш…
А.Ш.: — Алишер Узоқовгамасми, ишқилиб?..
— Шаҳзода билан Адиз Ражабов севишганлармиш?
Ш.М.: — Миш-мишга ўрин йўқ. Адиз ака билан гап тарқашига сабаб, модалар салонимнинг рекламасида суратга тушиб бергани, холос.
— Севара Солиева «Баён» гуруҳи яккахони Маъмур Султонов билан Лайли-Мажнун эмиш?
C.С.: — Йўғ-э, Маъмур билан курсдошмиз. Учовимизнинг шахсий ҳаётимизда ҳали жим-житлик.
ТАНҚИД
Асал Шодиева ҳамкасблари ҳақида:
Ижод:
Шаҳзода маюс қизлар образини ўйнаб кўриши керак.
Севара ичидаги жўшқинликни кинода ёритиб беролмайди.
Феъл-атвор:
Шаҳзоданинг ҳаммага «асалим» деб мурожаат қилишини ёқтирмайман.
Севара жуда ишонувчан, бу унга кўп панд беради.
Шаҳзода Муҳаммедованинг фикри:
Ижод:
Асал «Жаноб ҳеч ким» фильмида кўзи билан ишламаган.
Севарага фоҳиша роли ярашмайди. «Фаришта» фильмида уни қабул қилолмаганман.
Феъл-атвор:
Асални калондимоғ қиз, деб ўйлардим. Рости, феъл-атвори «об-ҳаво» бўлгани учун у билан қандай гаплашишни билмай қоламан.
Севара жудаям содда. Ҳаммага ичидаги бор гапини очиб-сочаверади.
Севара Солиеванинг наздида:
Ижод:
Асал салбий қаҳрамонни ижро этиши керак.
Шаҳзода драмада ўзини синаб кўрсин.
Феъл-атвор:
Асал ҳеч кимни менсимайдиган қиз, деб ўйлардим.
Шаҳзоданинг феъли мен учун идеал.

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]