Главная » 2011 » Ноябрь » 27 » OZGA SAYYORAGA BORGAN AYOL
21:50
OZGA SAYYORAGA BORGAN AYOL


Бир даврада Зангиота зиёратгоҳи яқинидаги яшайдиган ноёб хислат эгаси Саврия опа ҳақида эшитиб, унга қизқиб қолдим. Ўз кўзим билан кўриб, ишонч ҳосил қилиш учун хонадонига ташриф буюрдим. Салом-аликдан кейин Саврия опа стол устида турган пичоқ, санчқи, қошиқ ва бошқа темир жисмларига кафтини олиб бориши билан улар бирма-бир ёпишиб қолаверди, қўлини силкитса-да, тушиб кетмади. Опа бошидан кечирганларни сўзлаб бераркан, воқеалар кино лентасидек кўз олдимдан ўта бошлади.
Саврия опа уй юмушларини саранжомлаб бўлгач, супада телевизор кўриб ўтирган қайнонаси ва болаларининг олдига бориб ўтирди. Телевизорда сирли ҳодисалар ҳақида кўрсатув кетаётганди. Экранда ўн уч ёшлардаги қиз пайдо бўлди. У ҳаяжонланганча гапирарди:
– Кечаси далада бир ўзим кетаётгандим. Узоқдан думалоқ, ялтироқ нарсага кўзим тушди. Ҳайрон бўлиб қараб турсам, ёнимга иккита ғалати кийинган, кўриниши бироз қўрқинчли одамлар келиб, қўлимдан ушлашди. Ток ургандек ҳаммаёғим қизиб кетди. Шундан бери кўрган тушларим ўнгимда содир бўляпти...
– Сиз шунга ишонасизми, қизим? – деди қайнонаси бошини силкиб. – Мана шу учар тарелкалар борлигига?
– Э, ойижон, бўлмаган нарса, бу қиз алаҳсираяпти, туш кўрган. Ўнгимда кўрдим, деб ўйлаяпти. Агар ўзга сайёраликни кўрса, юраги ёрилиб ўлиб қолади-ку, – деди Саврия опа ва ўрнидан туриб, телевизорни ўчирди.
Қайнонаси ўз ётоғига кириб кетди. Саврия опа қатор ётган болалари ёнига кириб, бошини ёстиққа қўйдию уйқуга кетди. Ярим тунда поезднинг гувиллаб юриб келаётган овози эшитилди. "Поезд келяптими? Темир йўл излари олиб ташланганига неча йиллар бўлганди-ку,”, ўзига ўзи гапирди Саврия опа мудраганча. Овоз борган сари кучайиб келди-да, сўнг таққа тўхтади, гўё поезд уйлари ёнига етиб келгандек. Шу пайт кўзларининг ич-ичигача ёруғлик киргандек кўзлари қамашиб кетди. Ёруғликдан юзини тўсганча ўрнидан турди. Кутилмаганда қаттиқ шамол туриб, деразалар шарақлаб очилди. Саврия опа деразани ёпмоқчи бўлганида ташқарида бўйлари нақд уч метр келадиган, қўллари калта-калта иккита одам пайдо бўлди. Опа уларнинг катта-катта пиёладай кўзларини, туртиб чиққан даҳанларини кўриб, юраги орқасига тортиб кетди. Қўрққанидан тили калимага келмасди. Бир пайт улардан бири қўлини Саврия опа томон узатди. Қўл ўз-ўзидан чўзилиб келарди. Катта панжалар Саврия опани маҳкам ушлаб тортганди, у деразадан енгил учиб чиқди. Бу ҳодисалар бир лаҳзада содир бўлди. Саврия опа кўзларини очганида ўзини аллақандай, деворлари шишалардан ясалган хонада кўрди. Шифтда турли рангдаги чироқчалар бирин-кетин жилоланиб ёниб-ўчарди. Аввалига Саврия опа туш кўряпман, деб ўйлади. Қараса, сал нарироқда телевизорга ўхшаган қутига тикилганча бояги икки одам ўтиришибди. Улар Саврия опага ўгирилиб қарашди. Бири у томон яқин келди.
– Нега ишонмайсан?! – дабдурустдан бақирди улардан бири.
– Нимага ишонмайман? – ҳайрон бўлиб сўради Саврия опа.
– Боя айтдинг-ку, ўзга сайёраликларнинг борлигига ишонмайман деб! Энди ишондингми?!
Саврия опа кўраётганлари туш эмас, ўнгида эканлигини англаб етганди. Ўзини қўлга олиб, ялинган оҳангда гап бошлади.
– Нима учун ишонмас эканман, албатта, ишонаман.
– Нега унда қайнонангга ишонмайман, деб айтдинг?
Саврия опа айб иш қилиб қўйгандек йиғлаб юборди.
– Кечиринглар мени, илтимос, кечиринглар, билмай айтиб қўйибман. Мен гуноҳ иш қилмаганман, менинг ёш болаларим бор. Эрим узоққа ишлашга кетган. Мен ўт-гиёҳлардан дори тайёрлаб, касал одамларга бераман. Илтимос, мени кечиринглар, уйимга кетишимга рухсат беринглар.
Ўзга сайёраликлар бир-бирларига қараб қўйишди.
– Майли, – деди иккинчиси, – оғир гуноҳларинг бўлмагани учун, одамларга фойданг тегаётгани учун сени кечирамиз. Лекин икки қулоғингда бўлсин, баъзи одамлар ўзларининг ёмонликлари, ғийбатлари, фисқ-фасодлари туфайли дунёни заҳарлаб юборишган. Турли касалликлар шу заҳарлар туфайли юзага келмоқда. Сен шундай заҳардан касалланган одамларни даволайсан, уқдингми?
– Хўп, нима десанглар, айтганингизни бажараман. Фақат, илтимос, болаларим олдига қўйиб юборинглар, улар ҳали ёш.
Шу пайт улар Саврия опанинг қўлига иккита ғиштга ўхшаган ялтироқ буюмни тутқазишди. Саврия опа уни қўлига олганида кичкина буюмлар гўёки бир тонна юкдай унинг вужудига оғирлик қилди. Жисмдан таралган нур ток урган каби Саврия опанинг аъзои баданини алангалатиб юборди. Яна шамол кўтарилди, Саврия опа осмонга учиб кетди. Кўзини очганида ўзини уйида, болалари ёнида кўрди. Улар қотиб ухлаб ётишар, ичкаридан қайнонасининг енгилгина хурраги эшитиларди.
* * *
Саврия опанинг ҳикоясига хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг. Лекин темир жисмлар унинг кафтларига оҳанрабодай ёпишиб қолганини ўз кўзингиз билан кўрсангиз, бу дунё синоатларга қанчалар бойлигига гувоҳи бўласиз



Категория: Har-Xil | Просмотров: 716 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 2
0  
2 Richmond   (28.11.2011 10:34) [Материал]
Alloh hamma narsaga qodir zot balki insonlarga raxmi kelib ogoxlantirishga chaqirgan!!! Man mo'jizalarga ishonaman!!! 148

0  
1 akromjon   (28.11.2011 02:24) [Материал]
inson inon

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]