Главная » 2011 » Ноябрь » 30 » «Агар алмашиб қолсак…» (биринчи қисм)
10:48
«Агар алмашиб қолсак…» (биринчи қисм)


Актриса Зайнаб Садриеванинг исмини эшитибоқ, кўз ўнгимизга салобатли Фармон биби келса, Обид Юнусовни эслаганда Ўткурий образи хотирада гавдаланади. Ушбу ижодкорлар сингари томошабин хотирасида ўчмас из қолдирган актёру актрисаларимизнинг адоғи йўқ. Биз экранда жиддийлигига ўрганиб қолган актёрлар томошабинни кулдира олишига, комик роль ўйнагувчилар дардли кўз ёшимизни тўка олишига ишонасизми? Келинг, буни ўзларидан сўраб кўрамиз, эплашармикан?

Саволлар:

1. Сизга амплуангизнинг акси бўлган образни ижро этишни таклиф қилишса, уни очиб бера олармидингиз?

2. Бунда сизнинг партнёрингиз ким бўлишини истайсиз?

3. Сизни янгича образда кўрган мухлисларингизни йўқотиб қўйишдан чўчимайсизми?

4. Яратиладиган образларингиз руҳиятингизга қай даражада яқин? Яъни сиз учун томошабинни кулдириш осонми ёки йиғлатиш?

5. Ҳаётда ҳам роль ўйнашингизга тўғри келадими?

6. Ўзингизга қарама-қарши амплуадаги қайси ролни ижро этишни истардингиз?

7. Қуйидаги образларнинг қай бирида мухлис қалбидан жой олишни истардингиз: энг зўр комик, трагик, жанговар, салбий ва энг зўр олижаноб роль учун?

8. Комик ёки трагик образ яратиш учун актёр қандай феъл-атворга эга бўлиши керак?


Санжар ШОДИЕВ: «Менга сиз эмас, Боря керак дейишади»

1. Гамлет, Тоҳир ёки Фарҳод образларини бемалол очиб бера оламан. Аммо халқ сизни бир амплуада эслаб қолдими, батамом қарама-қарши образда қабул қилиши қийин бўлади.

2. Партнёр ким бўлишининг фарқи йўқ. Ёши ва тажрибасидан қатъи назар, бирга ижод қилишга доим тайёрман.

3. Рости, аввалига мени исмим билан эмас, кинодагидек Боря деб чақиришлари ғашимга тегарди. Ишонсангиз, ҳатто қўл телефонимга қўнғироқ қилишганида «Санжарман», деб ўзимни таништирсам, «менга сиз эмас, Боря керак, гўшакни унга узатинг», дейишарди. Кейин Теша Мўминовни Йўлчи, Обид Юнусовни Ўткурий образида эслаб қолган томошабин учун мен ҳамиша Борялигимча қолишимни тушуниб, бундан ҳатто хурсанд бўлдим. Жиддий образни ҳам маромига етказиб ўйнай олган актёрдан ҳеч қачон мухлиснинг ҳафсаласи пир бўлмийди.

3. Ҳар иккаласи ҳам ўз ҳолича қийин, аммо кулдириш барибир машаққатлироқ. Ролларимни ижро этаётганимда қил устида ўтиргандек бўламан. Негаки томошабинни кулдиришда бир меъёрни ушлай билиш керак. Уни сал юқорига кўтарсангиз, бачкана, пастга тушириб қўйсангиз, зерикарли туюлиши мумкин.

4. Атрофга бир қаранг, аёл эрига, фарзанд онасига, ўқувчи ўқувчига, борингки, бу дунёда ҳамма бир-бирига нисбатан роль ўйнайди.

5. Аль Пачинонинг «Чўқинтирган ота» фильмидаги ролини жон деб ижро этган бўлардим.

6. Энг зўр комик актёр сифатида.

7. Комик актёрда ҳам жиддийлик бўлиши муҳим, менимча. Кулдиришда албатта эркак актёр аёлларнинг либосини кийибгина эмас, маъно жиҳатидан томошабинда табассум уйғота олиши муҳим.


Ҳалима ИБРАГИМОВА: «Улуғбек Қодировни танлардим»

1. Талабалик давримда Нодирабегим, Тўмарислар ролини ижро этиб, юқори баҳо олганман. Демак, драмматик образларни ҳам бемалол ўйнашим мумкин.

2. Бу ерда ҳам партнёрим Шукур ака бўлиши томошабинда жиддий туйғу уйғотмаса керак. Улуғбек Қодиров билан партнёрликни танлардим.

3. Нега қўрқар эканман? Ахир ролни яхши ижро этсам, жиддий актриса сифатида ҳам мухлис орттиришим мумкин-ку!

4. Томошабинни ҳали йиғлатиб кўрганимча йўқ, аммо шуни аниқ биламанки, уни кундалик ташвишларидан чалғитиб, кулдира олиш осонмас.

5. Бизга нисбатан роль ўйнаганларга жавобан роль ўйнашга тўғри келади. Бозорда машҳур одамга бир сўмлик нарсани ўн сўм деб сотишлари, «анави семиз Ҳалима-ку» деб қўлини бигиз қилиб кўрсатишларига жавобан кулиб қўя қолиш мушкул, аммо начора. Аввало ўз устимдан кулишни билмаганимда ҳеч қачон актрисалик касбини танламаган бўлардим.

6. Она образини талқин этишни истардим. Қанийди ўзбекона, ибрат бўлса арзийдиган, ҳақиқий муштипар она ролини ўйнаб берсам…

7. Жадал ва экстремал замонавий пойгачи ҳайдовчи актриса сифатида.

8. Менимча, образ яратишда актёрнинг қандай феъл-атворли эканининг мутлақо аҳамияти йўқ.


Валижон ШАМШИЕВ: «Ҳақиқий актёр ўз мухлисини йўқотмайди»

1. Талабаликда «Оқ кема» асаридан парча ўйнаб, имтиҳонга кирганларни йиғлата олганман. Яқинда «Остона» кинофильмида ҳам жиддий образни талқин этдим. Назаримда, ёмон чиқмади.

2. Раҳматли актёр Ҳамза Умаровнинг истеъдодига тан бермай илож йўқ. Анча йил илгари у киши яратган образларни нафас олмай томоша қилардик. Бу актёрнинг овозига ҳатто тақлид ҳам қилганман. Ушбу инсон билан бир саҳнада роль ўйнаган актёр-актрисаларнинг армони бўлмаса керак.

3. Ҳақиқий санъаткор ўз мухлисини йўқотишдан чўчимайди.

4. Саҳнага чиқишнинг ўзи машаққат-ку! Раж Капурнинг «Менинг исмим масхарабоз» кинофильмини эсланг. У фильм бошида томошабинни кулдириб, охирида ўқиган монологи билан йиғлата олади. Ҳақиқий актёр унисини ҳам, бунисини ҳам уддалаши керак, менимча.

5. Ҳаётда роль ўйнамайман, вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш тутаман.

6. «Фарҳод ва Ширин» асарини ўқиганимда Фарҳоднинг бир китобни қайта ўқимаслигини билгандим. Мен ҳам худди шундай, ўйнаб бўлинган ролни ижро этиб завқлана олмайман.

7. Актёр ҳар беш йилда ижро услубини ўзгартириб туриши керак, дейишади. Демак, ҳар беш йилда турли образларни талқин қилиб, томошабинни забт этиш имконим бор.

8. Иккала образ учун ҳам синчков бўлиш муҳим.



Категория: Har-Xil | Просмотров: 704 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 1
0  
1 akromjon   (01.12.2011 04:26) [Материал]
XA XA 59

Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]