Главная » 2011 » Декабрь » 1 » Ўзимизнинг бойлар: Миллиардерлик томон муваффақият калити
14:57
Ўзимизнинг бойлар: Миллиардерлик томон муваффақият калити



Ҳукмингизга дунё бойлари, хорижий миллиардерлар тўғрисидаги мақолаларни кўп бора тақдим этганмиз. Одатда уларнинг ҳаёти, забт этган чўққилари ёритилади. Бунга қандай эришганликлари, давлатманд бўлишнинг сир-асрорлари эса кўпинча парда ортида қолиб кетади. Бу сафар ўзимизнинг бадавлат юртдошларга мурожаат этиб, уларнинг мисолида муваффақият калити ҳақида сўз юритишга қарор қилдик...


... Қарор қилишга қилибмиз-у, аммо уларни мулоқотга чорлаш бу қадар қийин, давлат топишданда мураккаб эканлигини ҳаёлимизга келтирмабмиз. Заминимизда ишини қойилмақом қилиб, тадбир билан мол-мулк тўплаган, меҳнати, уддабуронлиги, тежамкорлиги ва албатта омадни жамлаб кўзлаган марраларига эришган бадавлат шахслар оз эмас. Аммо! Уларнинг номини "Forbes”лару бошқа нашрлардан топа олмайсиз! Телефон рақамлари маълумотномаларда қайд этилмаган! Қабулхоналарида матбуот ходимлари билан учрашув вақтлари белгиланмаган! Ниҳоят, энг муҳими, йўлини топиб улар билан мулоқотга киришганимизда, суҳбатдошларимизнинг бирортаси эришган ютуқлари билан ўртоқлашишни, ўзи ҳақида ошкора гапиришни истамади. Сабаблари турли - ўзбекона андиша дейсизми, камтарликми, кўзга ташланмай панароқда юриш истаги ва ҳ.к. Хуллас, давлатманд замондошларимизнинг ҳеч бирини саҳифамиз қаҳрамони бўлишга кўндиролмадик-ку, фикрларини олдик. Шунда ҳам шахсларини ошкор этмаслик шарти билан. (Начора!)

Мамлакатимиздаги хусусий секторда катта ҳиссаси бор, эгаси танилмасада, сайи-ҳаракатлари натижасига кўпчилик рўпара келадиган; бири Республикада қатор йирик корхоналар очишга бош бўлган, бошқаси пойтахтнинг энг номдор ресторанлари эгаси, яна бири замин неъматларини хорижга чиқариб, четдан валюта жалб этиш бўйича катта ишларни амалга оширган уч замондошимизнинг "Даракчи” газетаси саволларига берган жавобларини эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

Кимгадир муваффақият калити бўлиб хизмат қилса, шояд...


Бойликка эришиш учун...


"Даракчи”: - Ҳаётда мол - давлатга эга бўлиш қанчалик муҳим?

З.О.: - Ҳар ким ўз эҳтиёжидан келиб чиқади. Аммо бир гапни аниқ айтишим мумкин- бойликни биринчи ўринга қўйиб, ҳаётнинг асосий мақсадига айлантирадиганлар қаттиқ адашади.

М.А.: - Балки муҳимдир, аммо аслида бу ҳаётий зарурат эмас.

Н.С.: - Бу ҳар кимнинг ичидаги "мен”инга, иззат – нафси қай даражада кучли эканига боғлиқ.


"Даракчи”: - "Бойликка эришиш йўлида ҳамма усуллар маъқул” деб таъкидлаган эди бир миллиардер Forbes журналига берган интервьюсида. Сиз ҳам шундай деб ҳисоблайсизми?

З.О.: - Жонзотлар ичида энг доноси ҳам, энг нодони ҳам одамзот-а?... Усулларга келсак, агар мен мақсадим йўлида ҳеч нимадан тоймай яшаганимда, ҳозир саволларингизга жавоб бериб эмас, бирор бойваччанинг эшигида муҳтожликдан ёрдам сўраб юрган бўлармидим?!

М.А.: – Ёлғон айтибди ўша миллиардер. Бунчаликка эришиш учун уйқусида ҳам аниқ бир режани "қучоқлаб” ухлаган бўлиши керак. Аслида кўп усулларни эмас, қалб тозалигини, бировнинг ҳақига кўз олайтирмасликни ўрганиш керак. Шунда сиз тилга олган машҳур журналда бир-икки ном чиқариб, кейин тўсатдан дунёга шарманда бўлиш, борини йўқотиш даражасига бориб қолинмайди.

Н.С.: - Усулларни кўплигини тушунса бўлади, аммо уларни қўллашда чегарани билиш шарт. Кўпинча омади юришиб қолганлар, дангал айтганда босар-тусарини билмай қолади. Бу мағлубият томон илк қадамдир.


"Даракчи”: - "Бойлик”чўққисига қандай чиқилади ўзи?

М.А.: - Бунинг йўллари кўп. Лекин мен тавсия этадиган ҳаёт тарзини кўпчилик кўтара олмаслиги аниқ. Демак, қатъий тартибга солинган ва баъзида, қўпол бўлса-да айтаман, эшикка чиқиб келадиган дақиқаларингизгача аниқ режалаштирилган ҳаёт! Бунинг учун эрта тонгдан гўё бошингиз муздек сувга тиқиб олингандек теран фикрлаш талаб этилади. Бундай шартни 10 соатлаб вақтини уйқуга бағишлайдиган, кунларини ғала-ғовур жойларда ўзини кўрсатиб, тунларини айшу ишратда ўтказадиганлар бажара олмайди.

З.О.: - Бойликка турли йўллар билан эришиш мумкин. Ҳамма гап унга қандай муносабатда бўлишда. Ўзимга келсак, қўлга киритганларимга ютуқ деб эмас, балки режали ишларга мўлжалланган улкан маъсулият деб қарайман. Асосий маъсулиятим топганимнинг маълум қисмини юртимиз ривожи, яна бир бўлагини бошқаларнинг ҳам мен каби муваффақиятга эришишларига жалб этишдир.

Н.С.: - Кўпинча жуда ўзига тўқ одам ҳақида гап кетганда, "Мазза шунга, ҳамма нарсаси бўлса...” дейилади, тўғрими?! Билсангиз, бойларга ҳавас қилган, кўп нарсага эришмоқчи бўлган одам, аввало, улар каби анчагина нарсадан воз кечишни ҳам ўрганиши керак! Ҳаловат бўладими бу, осуда уйқуми ё яқинлар дийдорими, хуллас, ҳамма ўзидан ўтганини ўзи билади...


Сиз ва атрофдагилар...


"Даракчи”: - Маълум давлат ёки юқори мартабага эришган одамларга нисбатан ҳавасдан кўра кўпроқ ҳасад билан қарашади, дейишади. Сизнинг айнан ҳавас қилгулик томонларингиз нимада?

З.О.: - Мана сизга ҳавас қилса бўлади! Ҳохлаган одамингизнинг олдига бориб, истаган саволингизни беришингиз мумкин. Мен-чи?! Ким билан мулоқот қилишим, нима мавзуда гаплашишим, қўядиган ҳар бир қадамимни қатъий назоратда ушлашим зарур. Тўғриси, саволингиз жавобни билмайман!

М.А.: - Бировнинг ҳавас қилишига ҳам, ҳасад қилишига ҳам арзимайман, чунки мен ўзимнинг ҳаётимни яшаб ўтмоқдаман, бошқалар ўзиникини.

Н.С.: - Мен ҳам оддий одамман, на ҳавасга ва на ҳасадга муҳтожлигим йўқ. Бошқа тарафдан эса, ҳавас билан ҳасад ўртасидаги чегара кўнгил тозалигига боғлиқ ва ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Одам ўзгалар қилган хатони қўлини бигиз қилиб кўрсатмай, ўзига шундан сабоқ олиб яшагани маъқул.


"Даракчи”: - Муҳим ишларни якка ҳал қиладиган ҳамда кўп нарсани шахсан ўзи бажарадиган одамларгина юксак марраларга эриша олади, деган фикр бор. Сиз бунга нима дейсиз?

Н.С.: - Бу аниқ ҳақиқат-ку! Одамнинг ақли ўзиники бўлмаса, ғоя ўзиники бўлмаса, унда ишининг натижаси, келадиган фойдани қандай қилиб "меники!” деб айтиши мумкин? Ҳисса қўшилмаган меҳнатдан қандай қилиб нон ейишим мумкин ўзи?!

З.О.: - Мен ўзимни ҳеч қачон ёлғизликка маҳкум этмайман. Бизнинг замонимизда бирор нарсани бир ўзим уддалай олдим, деган одамга ишонмаган бўлардим.

М.А.: - Ўзи бажаради, дейсизми? Мен кўпроқ бировларга қилдиришади, деган гапларни эшитаман. Балки бошланғич босқичида ёлғизликда ишлаш мумкиндир. Аммо мавқе кўтарилган сари иш ҳажми ортади, демак атрофингизга нафақат бажарувчи, балки фикр берувчиларни ҳам йиғмасангиз, узоққа бормайсиз.


"Янгича” бизнес


"Даракчи”: - Бугунги кунда бирор нарсани сотиб олиб ёки қуриб қўйиб кейин мулкини ижарага бериш орқали даромад орттираётганларни кўплаб учратиш мумкин. Уларни ҳам ҳақиқий тадбиркор дейиш тўғрими? Сизни ҳам тортганми шу бизнес?

З.О.: - Қўша-қўша машиналар ёки кафе-ресторанни ижарага бериб бойиганмисиз, демоқчимисиз? Ўша сиз айтган ишни қилган куним ҳамма нарсани йиғиштириб чўлга чиқиб кетаман, дарвешона умр кечириб қўя қоламан! Озгина пул тикиб қўйиб, кейин оёғини узатиб бойлигини санаб ётадиганлар, ижарачисига "муаммоларинг мени қизиқтирмайди, ўласанми-қоласанми, пулимни тўлаб қўй!” дейдиганлар қаторида мен йўқман!

М.А.: - Бу нарсани омад эмас, иллат деб биламан. Пул топишнинг бундай осон йўли жамият орасида тарқалиб бораётганини ўзи нотўғри. Бундай вазиятга шахсан менинг тушишим "Сизга сўнгги русумдаги машина олиб бераман, эвазига менда йўқ инсофингизни номимга ўтказиб қўярсиз”, дейишим билан тенг бўларди.

Н.С.: - Кўриб турибмиз, ўша сиз айтаётган сохта бойларнинг қилаётган ишларини! Буни ривожланиш, тараққиёт йўли деб ўйлаганлар адашади. Йўқ! Бундай бойлик охир-оқибат таназзулга олиб келади.



"Даракчи”: - Бирор нарса бунёд этишга қодир одамнинг ўз мулкини бошқалар қўлига топшириб, молиявий фойда кўриши, шу билан уларнинг ҳам ҳожатини чиқаришининг нимаси ёмон?!

З.О.: - Саволга бошқа томондан қарайлик. Масалан, иншоот ғояси меники, қурилиш пайтида устида ўзим турдим, бинони фойдаланиш учун яроқли ҳолатга олиб келдим, дейлик. Энди уни ижарага берсам, маъсулиятни буткул ўзимдан соқтит қилган бўламанми? Тўғрими шу?! Агар шу бинода муаммолар чиқса-чи, қурилиш билан боғлиқми ё унда ишловчилар биланми? Бу ерда ўзимнинг офисим бўлса, келиб чиқаётган камчиликлар, кутилмаган воқеаларда иштироким бўлса, боринг иншоотнинг қайсидир қисмида ижарада ўтирган корхоналарнинг оғирини енгил қилсам, зарурат бўлганда уларга йўл-йўриқ кўрсатиб йўналтириб турсам, баъзи ҳолларда эртаси "вой” бўлган ишларини бошлаган кимсалар билан вақтида шартномани бузиб, уйимдек бўлиб қолган бинодан нари қилиш каби амалларни бажарсам, атрофдагиларга кўпроқ фойдам тегиб, топганим ҳам сингади-ку!

М.А.: - Бу тадбиркорлик эмас! Аниқ жавобим шу. Ёки эшитган жойингиз борми, фалончи фалон жойни қуриб, ижарага бериб қўйибди деганини?

С.А.: - Аслида, баъзида чиқиб туради бунақа гаплар. Яъни, "даҳшат” тўйхона ва яна бир нечта жойлар ҳақида.

М.А.: -Ҳа-а... Бугунги суҳбатга ҳам розилик берганимнинг асосий мақсади бўлар-бўлмас гапларни байроқ қилиб кўтариб юрганларга айтмоқчи эдим, ўзини инсон деб ҳисоблаганлар бировнинг елкасида баландликка чиқиб бормайди. Бу ночорнинг, ожиз одамнмнг иши! Ўзимга келсак, ўша сиз айтган баъзи жойларда иштироким, аслида менинг ҳалол меҳнатим билан бўлади. Ўша жойларда нима масъулият бўлса, тўлиғича жавобгарман ўзим ҳам. Ўша сиз айтган тўйхона бўладими, офислар учун биноми, ишлаб чиқариш ҳудуди бўлсин, ҳар бирида буюртма асосида ишламоқчи, офис очмоқчи, тўй ўтказмоқчи бўлганларга эринмасдан тушунтирадиган қонун-қоидаларим бор. Оддийгина мисол, баъзида "Тўйни ярмида тўхтаттингиз, энди қизиғи бошланди”, деб тўполон қилдиганлар чиқиб қолади. Хўш, менинг ўрним қаерда ўша пайтда? Тўйхона иш юритувчисига, бу сенинг муаммоинг, менга кўпроқ пул тушса бўлди, дейишдами ёки йигитларни юбориб, жанжални тинчитишдами? Аслида энг аввал ўзим бораман муаммо чиққан жойга. Мана сизга ижарага бериб қўйиб давлат орттириш билан ҳамма ишга бош-қош, масъул бўлишнинг фарқи!

Н.С.: - Қисқа қилиб айтаман. Дўстларимга суянаман, аммо уларни ишчи, ижарачи сифатида ёнимда юришларига йўл қўйолмайман. Бегоналар билан шартлашиб ишлаш эса... Хуллас, бу менга мутлақо тўғри келмайдиган иш!


Бадавлат бўлиш масъулияти


"Даракчи”: - Айтишларича, ўтмишда бой инсонлар ўзи яшаб турган ҳудуддаги камбағаллар учун жавобгар бўлган экан. Замонамизда молиявий аҳволи бир қадар юқори бўлган одамларчи, атрофидаги кам таъминлар учун қанчалик масъул?

З.О.: - Шу саволни суҳбат бошидан буён кутиб тургандим. Табиий, маҳаллам, кўчам, шаҳримдаги ночор аҳволга тушган одамларнинг кўпайиши мени хавотирга солмасдан иложим йўқ. Сиз айтган масъулиятга келсак, баъзида меҳрибонлик уйлари, баъзан ёрдамга муҳтож бошқа жойларга, баъзида қайсидир маҳалланинг кам таъминланган одамларига ёрдам бериб тураман. Қўни-қўшнига келсак, шукр-ки, бирорталари қўлини бигиз қилиб – "Кўриб қўйинглар мана бу бойни” дейдиган даражада эмасмиз. Гоҳида бир пиёла чой устида суҳбат қуриб, яхшиликка хизмат қиладиган ишларини битириб кетишади, қўлимдан келганича ёрдам бераман. Ҳаммамиз ҳам инсонмиз, баъзи жиҳатлардан улар менданда устун.

М.А.: - Бой, камбағал. Дейсизми?! Давримизда том маънода камбағал яшаш мумкинлигига ишонмайман! Чунки бу каби тинч юртда, яратилаётган имкониятларда, бир бурда ширин нонини топган ва хотиржам оила даврасида уни баҳам кўраётган одам борки, у бой инсон! Ҳомийликка келсак, бу ҳақида айтмоқликни мақтанчоқлик деб биламан. Аслида ўнг қўлинг берганини, чап қўлинг билмасин деган нақлга амал қиламан. Яна бир гап. Бировга душманлик қилган, нияти бузуқ кимса умрини мухтожликда ўтказади. Ўзингизни биринчи ўринда, ўзганинг мулкини эса ўзингизникиданда бебаҳо деб билсангиз, асло хор бўлмайсиз!

Н.С.: - Бойнинг масъулияти қадимда қандай бўлса, дунё тургунича шундай бўлиб қолаверади. Маҳалладан ўғри, зулмкор, товламачи чиқди, деб эшитсангиз билингки, ўша маҳаллада фақат ўзини ўйлайдиган, хато ҳаёт тарзини танлаган одамлар яшар экан. Аслида қўни-қўшни ва яқинлар холидан хабар олмайдиганлар киссаси қаппайган бўлсада, ўзи ночор одамлар бўлади!


Мулоқот сўнгида суҳбатдошларимиз исмини ошкор қилиш учун рухсат олишга яна бир карра уриниб кўрдик. "Пуллар сокинликни хуш кўради” – деди улардан бири. "Бойлигинг аёлинг билан муносабатинг каби парда орқасида қолмоқлиги керак бўлган ҳудуддир”, кулимсираб қўйди бошқаси...
Категория: Новости | Просмотров: 928 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]