Главная » 2011 » Ноябрь » 21 » Учқун Тиллаев: «Мени калондимоғ деб уйлашади…»
04:44
Учқун Тиллаев: «Мени калондимоғ деб уйлашади…»




Лойиҳамизнинг бу галги меҳмони — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Учқун Тиллаев. Актёр билан суҳбатни «Ассалом, Ўзбекистон» кўрсатуви бошловчиси, тележурналист Элеанора Болтабоева олиб боради. Хўш, у суҳбатдошининг ички дунёсини оча оладими? Баҳонада биз ҳам актёрнинг айтилмаган сирларидан воқиф бўламиз.

Элеанора БОЛТАБОЕВА: — «Профессионал интервью-2» лойиҳаси учун севимли актёримиз Учқун Тиллаевни танладим. Унинг ўзбек санъат аҳли орасида ҳурмат ва таҳсинга лойиқлиги бежиз эмаслигини «Суғдиёна» ўқувчилари ҳам ўзлари учун кашф этишларини жуда истардим.

— Сизни нафақат актёр, балки дўст сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Ижодингизни доим кузатиб бораётган мухлисларингиз қаторида битта саволим бор. Айтинг-чи, нега охирги пайтлар кинода ҳам, саҳнада ҳам кўринмай қолдингиз?

— Шу саволни беришингиздан жудаям қўрққандим. Чунки аслида ўзимни ҳам айнан шу савол қийнайди. Телевидение, кино, театр саҳнаси ва ҳатто дубляжда кам ижод қилаяпман. Сўнгги уч йил мобайнида мен учун умуман ижодий янгилик бўлаётгани йўқ. Ўзимни ижод одамлари билан бир оқимдалигимни ҳис этмаяпман. Аммо бу бўш қолиб кетдим, ижоддан тўхтадим, деганимас. Мана, олти йилдирки, ички ишлар вазирлиги ансамбли раҳбариман. Бу ҳам ижод. Янги қўшиқлар яратишдан ташқари кўпинча вилоятларга бориб, хайрия концертлари ҳам уюштириб турамиз. Ватанимизни ҳимоя қилаётган посбонларимизнинг байрам-тадбирларида иштирок этамиз. Уларнинг заҳматли меҳнатларини кўрсата оладиган қўшиқлар яратиш билан овораман. Ташкилий ишларга шўнғиб кетганимдан, ҳатто шахсий ижодим ҳақида ўйлашга ҳам умуман вақт топилмаяпти.

— Ўйламаяпсизми ёки таклифлар бўлмаяптими?

— Биласизми, яхши актёр биронта образни тўлақонли яратиши учун ҳеч нимага чалғимай, фақат айни дамдаги роли билан машғул бўлиши керак. Шахсан мен шу қоидага амал қиламан. Дейлик, менга бирорта роль таклиф қилишди. Режа бўйича уни суратга олишга ўн беш кун вақт керакИш тартибимдаэса ўн беш соат ҳам ортиқча вақт йўқ. Табиийки, ролдан воз кечаман. Олдимга қўйилган вазифага жиддий ёндошиб ўрганганимга охирги пайт кичик эпизодик ролларнигина ижро этяпманСўнгги ижро этган ролимни фильм тайёр бўлганида, кўрганим ҳам йўқ. Тўғриси, қониқмадим, менда жон-жаҳдим билан берилиб ўйнашга имкон топилмади. Бундай роль ўйнагандан кўра ўйнамаганим яхши.

— Ҳозирги кунда кўпчилик актёрлар бир нечта лойиҳага баробар улгураяпти-ку?

— Биласизми, актёрнинг фильмдан-фильмга югураверишининг ҳам салбий жиҳатлари бор. Бунда у битта образдаги ҳолатдан тезда чиқиб кета олмай, иккинчи фильмдаги ролни ҳам худди шундай ижро этиши мумкин. Натижада бир хиллик юзага келади, ўхшаш образлар яралади. Гоҳида телеэкранда бирор фильмга кўзим тушиб қолса, уни қайсидир кинонинг давоми эканми, деб ўйлайман. Кўриш жараёнида бу буткул бошқа фильм эканлигини маълум бўлади.

— Шу пайтгача ижро этган ролларингизга кузата туриб, сизни режиссёрлар яхши кўрармикан, деб ўйлаб қоламан. Орасида бирортаям бачкана ёки «амплуа»нгизга мос келмагани йўқ.

— Фильм суратга олаётган ҳар бир режиссёр ўз картинаси омадли чиқишини истайди. Режиссёр учун суратга олиш майдони машқ майдони эмаски, у актёрни «мана бундай образда синаб кўрсам қандай бўларкан» деб синовдан ўтказаверса. Имкони бўлса, у ҳар бир актёрни турфа образда синаб кўришдан қочмаган бўларди. Аммо суратга олиш жараёнида сарфланадиган ҳар бир соат қанчадир миқдордаги пул харажати дегани-да! Шу сабаб режиссёрлар ўйлаган образига муносиб актёрни танлаб, вақтни ўтказмай, у билан ишлайди. Театрда эса бошқача. У ерда режиссёр ва актёрлар гуруҳи битта асарни репитицияда олти ойлаб сайқаллайди. Фильмда менга роль беришда режиссёрлар ташқи кўринишим, феъл-атворимни ҳисобга олишса керак. Аммо тўғри келиб қолса, комедия жанридаги ролларни ҳам бемалол ижро этишим мумкин.

— Роль танлайсизми?

— Кўпчилик мени «катта гапиради, ўзига юқори баҳо беради», дейди. Баъзида сценарийни ўқиб чиқиб, режиссёрдан «шу ролни мен ижро этишим шартмикан?» деб сўрайман. Образ талқини осон ваҳеч қандай машаққат талаб қилмайдиган бўлади. Менда эса савол туғилади: образни яратишда уни шунчаки ўйнамай, юкини ҳис қила оламанми? Мен учун қисқа бўлса-да, юкли образларни ўйнаш мароқли. Рустам Саъдиевнинг «Йиғламагин» фильми шулар қаторида. Эпизодик, аммо актёрниўйлантирадиган образ. Юқорида айтганим — қийнамайдиган образларни эса ижодга энди қадам қўяётган актёрларга берса бўлади. Ўйлаб кўринг, ахир қанчадан-қанча актёрларимиз етишиб чиқаяпти. Уларга ҳам оддийгина роль билан бўлса-да чарақлаб чиқишга имкон бериш керак-ку!

—Фикрингизча, ҳозирги кунда бизнинг кинематографияга нима етишмаяпти?

— Россия киноижодкорларининг уч-тўртта фильмида суратга тушдим. Энг эътиборимни тортгани улардаги ишга масъулиятлилик. Бизда суратга олиш жараёнида кимдир албатта кеч келади, объектга вақтида пул тўланмагани муаммоси ҳал бўлгунча актёрлар ташқарида уч-тўрт соатлаб кутади… Бу каби ҳолатлар тайёргарлик иштиёқини оз бўлса-да сўндиради. Улардаги яна бир аҳамиятли жиҳат: оддий ишчисидан тортиб то режиссёригача ишини сифатли ва тезкор бажаришга тиришади. Эсимда, «След саламандры» картинасини суратга олиш учун мени Чорвоққа тонгги соат олтига чақиришганди. «Олти эмас, бешда ҳам етиб боришим мумкин. Аммо аниқ биламанки, суратга олиш вақтида бошланмайди», деб жавоб қайтаргандим. Барибир гапларида туриб олишди. Қарангки, эртасига барвақт туриб, соат беш яримда етиб борсам, суратга олиш ишлари авжида. Мени дарҳол гриммхонага олиб кириб, тайёрлашди. Сценарийни ўқиганимда «уч кун суратга туширишса керак» деб ўйлагандим, бир кундаёқ керакли саҳнани олиб бўлишди. Ташкилотчилик юқори даражадалигининг исботи бу.

— Сизга жуда тарбияли ва олижаноб инсон деб таъриф беришганини кўп бора эшитганман. Санъатга алоқаси йўқ оиланинг аъзоси бўла туриб актёрликни танлашингизга ота-онангизнинг муносабатлари қандай эди?

— Отам юк машинаси ҳайдовчиси, онам эса оддийгина уй бекаси бўлган. Дадам ҳеч қачон мени бир шапалоқ урган ёки сўкканини эслай олмайман. Биргина нигоҳининг ўзи етарди. Унинг бир сўзлилигини билиб актёр бўлиш ҳақидаги орзумни айтмаганман. Сабаби бир оғизгина «йиғиштир» дейиши мен учунсанъат эшикларини беркитиб қўйиши мумкин эди. Институтга кираётиб «Автомобиль йўллари институтига кираяпман», дегандим. Лекин Тошкентга келиб, Санъат институтига ҳужжат топширдим ва ўқишга кириб кетдим. Шундагина бор гапни айтдим:

 Институтга кирдим, дада. Фақат… Автомобиль йўллари институтигамас, бошқасига...

 Қайси бирига?

— Санъат институтига…

— У ердан ким бўлиб чиқасан?

— Актёр бўламан, дада…

Санъатни жонидан ортиқ севган онам мени табриклашга тушди. У киши доим маҳалладаги тўй-маросимларда ўртага чиқиб доира чалганча лапарлар айтарди. Дадам эса аксинча, бу қизиқишимни ўткинчи ҳавас деб, қўл силтаб қўя қолди. Шукрки, улар ютуқларимни кўришди.

— Юқорида фарзанд тарбияси ҳақида ҳам гапириб ўтдингиз. Кўпчиликнинг фикрича, оилада бу борада эркакдан кўра аёлнинг масъулияти кўпроқ экан. Сизнинг оилада қандай?

— Фарзанд тарбиясида эркак кишининг роли муҳимроқ, назаримда. Мен ҳам отамдек йўл тутиб, фарзандларимни худди шу йўсинда тарбиялашга ҳаракат қиламан. Баъзида аёлим «сиз гапиринг, гапингиз таъсирлироқ» деб нолиб қолса, ўғлимни ёнимга ўтқизиб, ўн дақиқа гаплашганимнинг ўзидаёқ таъсирланганидан йиғлай бошлайди. Шунда «иккинчи такрорланмасин», дейман-у, мавзуни тугатаман.

— Қўрқитаркансизда?

— Нега қўрқитарканман? Қўрқитмайман, гап билан таъсир ўтказаман холос. Ахир доим иш билан бандлигим туфайли уларни шундоғам кам кўрсам. Уйга кеч келганимда улар ухлаб ётишган, эрталаб эса мактабга кетган бўлишади. Мени соғиниб турган фарзандимни қанақасига қаттиқ гапириб хафа қилишим мумкин? Шу кунгача эришган барча ютуқларим ота-онам берган тарбия туфайли бўлса, менн берган тарбиянинг мевасини фарзандларимдан кутаман.

— Фарзандларингизга муносабатингиз ҳақида кўп гаплашдик. Аёлингизга-чи? Дейлик, Учқун Тиллаев рафиқасига уй юмушларида ёрдамлашиб турадими?

— Ёшлигимда опам турмушга чиқиб кетгани учун уч синглимга қараб туриш менинг зиммамда бўлган. Катта акаларимнинг бири ҳарбий хизматда, иккинчиси ўқишда, сингилларим ҳали кичкина эди. Онам бетобланиб қолса, кир ювиб, овқат пиширган, ҳатто сигир соғган пайтларим ҳам бўлган. Ҳарбий хизматда, талабаликда ҳам шу аснода ўз-ўзимни эплардим. Ҳозирги кунга келсак, бу ҳақда гапиришга ҳожат ҳам йўқ, вақтим уй юмушларига умуман етмайди.

— Етганда-чи?

— Барибир қилмасдим. Мен учун уй ишини бажариш қийин эмас. Аммо рафиқам бор-ку. Ўйлаб кўринг, турмуш ўртоғим уйда ўтирса-ю, мен кир ювиб юрсам (кулади)... Буни қандай тушуниш мумкин?! Лекин барибир тўсатдан уйга келиб қолган меҳмонни кутишдан, улгура олмаётган бўлса, қарашиб юборишдан қочмайман.

— Яратган образларингиз орасида жиддий, олижаноблари кўп. Ҳаётда-чи? Фикрингизча, ҳақиқий эркак қандай бўлиши керак?

— Ҳақиқий эркак ҳар дақиқада, ҳар қандай шароитда ҳам мардликни унутмаслиги шарт. Оиласига гард юқаяптими, ватани ҳимояга муҳтожми, бунинг фарқи йўқ. Ҳамиша қалқон бўлиб тура олишга ўзида куч топа олиши керак.

— Аёл кишига қўл кўтарган эркакни мен эркак ўрнида кўрмайман. Сиз нима дейсиз?

— Шахсан мен аёлларнинг жанжалини кўргани кўзим йўқ. Эркак киши аёлини ураётган, сўкаётганининг гувоҳи бўлсам, жим қараб туролмайман, аралашиб кетаман. Бу одатимдан ҳатто неча марта панд еган пайтларим ҳам бўлган. Рафиқамга ҳар қанча гапим бўлса, уйда гапириб, таъсир ўтказишга ҳаракат қилганим учун ҳам бошқаларда акс ҳолатни кўтара олмайман. Эркак киши бошига тушган ҳар қандай ҳолатда — туҳматми, тазйиқми, мусибатми, фарқи йўқ, эркаклигини йўқотмаслиги муҳим. Аёл кишига эса фақат ширин сўз ва эътибор керак. Шугинани берсангиз бас, у сизни ҳатто бошига кўтаришга тайёр туради.

— Раҳмат, илоҳим, сиздек эркаклар кўпаяверсин!


Актёр ҳаётида эсда қолар лаҳзалар:

Болаликда:

4 ёшимда онам поликлинникага олиб чиққанида уколни кўриб қўрққанимдан ҳушимдан кетиб қолганман.

Талабалик:

2-босқичда ўқиётганимда бир этюдда фармон ўқиб берувчи ролини ижро этишим керак эди. Барибир ўқиб берар эканман-ку, деб матнни ёдламадим. Ниҳоят домлага ижромни кўрсатиб берадиган кун етиб келди. Ҳаяжонли дақиқа… Фармон ўқиш учун қоғоз ўрамини очсам, кимдир ҳазиллашиб матн устига бир қизнинг суратини ёпиштириб қўйибди.



Категория: Новости | Просмотров: 578 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]