Главная » 2011 » Ноябрь » 23 » Ҳуқуқингиз топталдими, истеъмолчи? Биз сизни ҳимоя қиламиз!
17:55
Ҳуқуқингиз топталдими, истеъмолчи? Биз сизни ҳимоя қиламиз!




Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий органларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколати юклатилган. Қўмита томонидан мунтазам равишда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилиши ва камситилиши юзасидан мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ҳал этиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 9 ойида Қўмита ва унинг ҳудудий органларига аҳолидан 4717 та ариза ва шикоят келиб. Мазкур мурожаатларнинг 2710 таси (57,4 фоизи) истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинишига эришилган бўлиб, 667 миллион сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Бошқа мурожаатлар бўйича Қўмита мутахассислари (асосан "Ишонч телефонлари” орқали) истеъмолчиларга тегишли тушунтиришлар бериб бормоқда.

Келиб тушаётган ёзма мурожаатларнинг

* 54 фоизи коммунал соҳага,

* 29 фоизи савдо ва умумий овқатланиш,

* 7,9 фоизи транспорт, алоқа ва коммуникация ҳамда бошқа соҳаларга тааллуқлидир.

Ўтган даврда коммунал соҳа бўйича тушаётган ариза ва шикоятларнинг салкам ярми газ таъминоти масалаларига тегишли бўлган. Охирги пайтларда Қўмита ва унинг ҳудудий органларига "Ўзтрансгаз" АК газ таъминоти ташкилотлари томонидан аҳолининг ҳуқуқлари камситилиши ҳолати билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. Жумладан, йил бошидан буён Қўмитага истеъмолчилардан 488 та мурожат келиб тушди.

Уларнинг

* 279 таси (57 фоизи) етказиб берилмаган газ учун ҳақ олиш ҳамда газ ҳисоблаш ускунасини давлат стандарти текширишидан ўтказмаганлик учун асоссиз қарздорлик ҳисоблаш,

*106 таси (22 фоизи) - газ босимининг пастлиги ва узлуксиз равишда етказиб берилмаслиги бўйичадир.

Энг кўп мурожаатлар Тошкент вилояти, Фарғона, Самарқанд, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ва Тошкент шахри ҳиссасига тўғри келади. Келиб тушган ариза ва шикоятлар тегишли қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқилиб, аксарият ҳолатларда (90 фоиз) истеъмолчилар фойдасига ҳал этилган. Аҳолига 85,3 миллион сўмдан зиёд маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган.

Масалан, Тошкент шаҳар, Миробод туманида яшовчи фуқаро С.Ждановага 2011 йил 18 августда газ идораси ходимлари томонидан ёзма ва оғзаки огоҳлантиришларсиз 1 млн.31 минг сўм қарздорлик ҳисобланиб, хонадони газ тармоғидан узиб кетилган. Ўрганиш натижасида шу маълум бўлди-ки, фуқаро 2009 йилда газ ҳисоблагич ускунасини давлат стандарти текширувидан ўтказган. Қарздорлик эса асоссиз равишда меъёр бўйича ҳисобланиши натижасида ҳосил бўлган. Қўмита аралашуви билан хонадон қайтадан газ тармоғига уланди ва асоссиз ҳисобланган маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Самарқанд шаҳридаги "Чақар” ва "Иброҳимхўжа” маҳаллаларида яшовчи бир гуруҳ (46 нафар) фуқароларнинг мурожаатларида айтилишича, уларнинг хонадонларига умуман газ етказиб берилмаганлиги, шунга қарамай газ идораси томонидан 7,5 миллион сўмлик асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Қўмита ҳудудий органи томонидан "Марказтаъминот” унитар корхонасига белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, аҳолига кўрсатилмаган хизмат учун ҳисобланган маблағ тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб бериш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.

Юқоридаги каби қоидабузарлик ҳолатларига республиканинг бошқа вилоятларида ҳам йўл қўйилган.

Шунингдек, айрим газ идоралари ходимларининг ножуя хатти-харакатлари, жумладан истеъмолчиларга нисбатан сансалорликка йўл қўйилаётганлиги хам кузатилган.

Юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатларга баҳо бериш ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида Қўмита томонидан 2011 йил 15 сентябрда "Ўзтрансгаз” АК, "Ўзстандарт” агентлиги, Адлия вазирлиги ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси вакиллари иштирокида "Газ таъминоти соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қарс икки қўлдан чиқади, дейишади. Газ таъминоти корхоналари гоҳида алоҳида хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйилаётган бўлишса, ҳамма истеъмолчилар ҳам тўловларни ўз вақтида амалга оширмаяпти. Натижада бундан ҳар икки томон зиён кўрмоқда. Шунингдек, газдан фойдаланиш қоидаларида ҳисобга олиш ускунаси истеъмолчи томонидан қасддан ишдан чиқарилган тақдирда тармоғидан узиб қўйилиши ва бузилган газ ҳисоблаш ускунаси истеъмолчи маблағлари ҳисобига тузатилгандан кейин таъминот тикланиши белгилаб қўйилганлиги, газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ҳоллари аниқланган тақдирда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига кўра тегишли чоралар кўрилишини ҳам асло унутмаслик лозим. Фойдаланган газ ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш, ўзганинг ҳақини ўзлаштирмай, адо этиш ҳар бир истеъмолчининг ҳам фуқаролик, ҳам инсоний бурчидир.

Акбаржон АБДУРАЗАКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари
Категория: Новости | Просмотров: 581 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]