Главная » 2011 » Ноябрь » 21 » Тоҳир ва Зуҳра: афсонами ёки ҳақиқат?
17:21
Тоҳир ва Зуҳра: афсонами ёки ҳақиқат?




Қашқадарё вилояти Ғузор тумани шимолида Қарши-Қамаши йўлининг 25-километридаги Дўнг Қовчин қишлоғида, Қаршидан келаверишдаги йўлнинг шундоқ ўнг томонидаги қоп-қора чангалзорда Тоҳир ва Зуҳранинг қабри жойлашган.

Туман аҳолиси тасаввурида Тоҳир ва Зуҳра афсонаси билан боғлиқ воқеаларни айни шу жойда бўлганлигига ҳеч шубҳа билан қарашмайди. Халқ орасида эъзозланиб келинган "Тоҳир ва Зуҳра” достони "Ўзбекфильм” студияси томонидан яратилган ажойиб экран асари аслида тупроғимизнинг айнан шу жойида суратга олинганини ҳам ҳеч ким билмаса керак. "Шарқ юлдузи” журналининг 1988 йил 8-сонида таниқли ёзувчи Е.Березиков Тоҳир ва Зуҳранинг қабрига даҳлдор "Тирик афсона” асарини чоп этди. Муаллиф Дўнг Қовчинлик қарияларнинг ҳикоялари асосида икки ёшнинг гўзал севгиси тўғрисида ажойиб асар яратган.

Гул ва олов ичидаги қабрлар

Шу қишлоқлик Абди Отаёровнинг ҳикоя қилишича, Тоҳир ва Зуҳранинг қабри бир-бирига ўралиб, чирмашиб кетган чангаллар билан қопланган. У болалигидаги воқеаларни шундай эслайди: "Ёшлигимизда қабр ёнидаги тут дарахтининг устига чиққанмиз ва қўшчи бўлиб ишлаганимизда ҳам бу ерда кўп юрганмиз.Кейинчалик қабр атрофида ўсган ғаровдан гаврон кесиб олардим (гаврон-омочга қўшилган хўкизни ҳайдаш учун ишлатиладиган таёқ). Тоҳир ва Зуҳра мозори авлиё саналса-да, зиёни йўқ эди. Урушдан кейин чангалзорнинг шундай ёнида пахта бригадаси учун дала шийпони қурилди. Колхознинг ўша пайтдаги раиси Қурбон Бегимқулов бу ерни "авлиё жой" деб атаб, тез-тез мол сўйдира бошлади. Шундан кейин одамлар бу зиёратгоҳдан қўрқадиган бўлишди. Бирор касаллик тузалавермаса, чангалзорга сиғиниб мол сўйиш расм бўлди”.

Марҳум Ҳайдар бобонинг ҳикояси: "Инқилобдан кейин Тоҳир ва Зуҳра қабрига муносабат ҳар хил бўлган. Халқ ардоқлаб келган қабристонни "эскилик сарқити" деб қаровчилар кўпайган. Энг даҳшатлиси, чангалзорга уч марта ўт қўйиб юборилган. Қаршилик Мирзо Қурбон исмли ўқитувчи эскиликка курашувчи сифатида бу чангалзорга биринчи бўлиб ўт қўйган. Илгари чангалзор оқ, қизил ва рангли ўрама гуллар билан безаниб турарди. Гулларни ҳеч ким экмаса ва парвариш қилмаса-да, жуда гўзал манзара кашф этарди. Чангалзор ёндирилгач, гуллар бутунлай ўсмай қўйди. Охирги марта чангалзорга ўт кетиши 1975 йилда содир бўлган. Қишлоқлик одамлар орасида юрган гапларга қараганда фалокатнинг рўй беришига чангалзорнинг авлиёлиги сабаб бўлган”.

Яна бир тахмин, чангалзор олдидан Муборак-Яккабоғ газ қувури ўтказилаётган бир пайтда қувур қазиётганлардан бири оғир бетоб бўлиб вафот этади. Шунда бу чангалзорни акасининг ўлимига сабабчи, деб билган марҳумнинг укаси атайлаб ўт қўйиб юборган.

Гуллар кушандаси бўлган севги

Яна бир ҳикояга қараганда шу қишлоқлик бир йигит гўзал бир қизни севиб қолади. Йигит қизни шу даражада яхши кўрадики, унга етишиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Шунда қиз йигитни синаш учун бир шарт қўяди: "Агар Тоҳир-Зуҳра қабрида ўсган гулни узиб, олиб келсанг сенга тегаман”. Йигит қиз айтган шартни бажариш учун севишганлар қабри устида ўсган гулларни узиб қизга олиб келади. Лекин йигитга қизга уйланиш насиб этмайди. Орадан уч кун ўтгач, йигитнинг оғзи бурнидан қон келиб, оғир аҳволда жон беради. Шундан кейин анча даврдан бери ўсиб келаётган гуллар чиқмай қолади.

Топилган шаҳар ва ғишт кони

А.Отаёровнинг айтишича, Тоҳир ва Зуҳра қабрининг шимол томонидаги 400-500 метр масофада жойлашган Омонота тепалиги тарихий қўрғоннинг қолдиғидир. Ҳозирги кунда бу тепалик қабристонга айлантирилган. Қарияларнинг айтишларича, қабр қазиш пайтида тупроқ остидан турли хил буюмлар, ёғоч устунлар чиққанлигига гувоҳ бўлишган. Тепаликнинг ўртасида катта ҳовуз бўлган. Мана шу қўрғон Тоҳир ва Зуҳра яшаган шаҳар деган ривоятлар бор. Қишлоқ кексалари ҳикояларига қараганда, Дўнгқишлоқ ўрнига Шаҳритатар (айримлар шаҳритотар деб айтишади) қадимги шаҳар бўлган. Кекса ўқитувчи Худойқул Тўраевнинг таъкидлашиича, уруш йиллари шу қишлоқдаги колхозни бошқарганлардан бири Бозор Элмуродов ана шу оғир йилларда колхозчилар бир тепаликни текислаб дала шийпони қурганлигини гапириб берган. Қурилиш учун тепаликни текислаётганда улар катта бир тош бўлагига дуч келишган. Ундаги араб имлосида ёзилган ёзув колхозчиларни қизиқтириб қолади ва ўқиб кўриш учун қишлоқ мулласи Назар эшонни олиб келишади. Мулла ёзувни ўқиб кўриб, бу Шаҳритатар дарвозасининг пештоқи экан, деб тушунтиради. Шунингдек, тупроқ остидан жуда катта кетмон топилади. Айтишларича, кетмон дастаси ўрнига омочнинг бўйинтуруқини киритиб кўришганда бўйинтуруқ кетмон дастаси атрофида айланиб қолган экан. Афсуски, бу далилларни сақлаш, тадқиқотчиларга етказиш ҳеч кимга насиб қилмаган. Одамларнинг эслашича, шийпон қурилган жой ҳозирда бузилиб текисланиб кетган. Шундан келиб чиққан ҳолда: "Татарлар, татарлар Тоҳир гўштин сотарлар” каби халқ оғзига юрган ибора ҳам Шаҳритатарлар Тоҳирни қийноққа солганлиги ҳақида тўқилган, деган тахминлар бор.

1950 йил шу қишлоқда собиқ "Коммунист” ўрта мактабининг биноси қурилди. Янги мактаб учун бино қурилиши қишлоқ, туман маданий ҳаётида ҳам катта воқеа бўлган. Мактабнинг ўша пайтдаги директори, Нажмиддин Муҳиддиновнинг хотирлашича, мактаб биноси пойдеворига пишиқ ғишт қидириб топиш, уни шаҳардан ташиб келтириш муаммосини қандай ҳал қилиш тўғрисида бош қотириб юрган пайтда мактабнинг қоровули кекса чол маслаҳат бериб қолади. У пишиқ ғиштни қаердан ковлаб олиш мумкинлигини кўрсатади. Директор ғиштнинг конини бориб кўргач, мактабнинг юқори синф ўқувчилари ва ўқитувчилар қазиш ишларига жалб этилади. Кутилмаганда мактаб қурилаётган бинонинг ёнгинасида жуда сифатли "чор ғишт” (квадрат шаклдаги ғишт) кони топилади. Маълум бўлишича, бу ғиштлар Омонота қўрғонини яқинидан қалъага сув олиб келадиган қувурдан бузиб олинган экан. Бу қувурдан қадимда қалъага Қашқадарёнинг юқори оқимидан сув келиб турган.

Гуллар ранги нега уч хил?

Чангалзордан ўсиб чиққан уч хил рангдаги гулларни эса Тоҳир ва Зуҳра ҳамда уларнинг ёнидан ўрин олган соф муҳаббат душмани Қоработир қабрларидан ўниб чиққан чангалзорга боғлашади. Гуёки қизил гул Зуҳранинг садоқати, оқ гул-Тоҳирнинг муҳаббати, кўк гул (кўпчилик бу гулнинг ранги илгари қора эди дейишади, чангалзорга кирган саноқли кишиларгина гулнинг кўк рангда эканлиги тасдиқлашади) ёвузлик ва ғаразлик ниятлари билан уларнинг ҳалокатига сабаб бўлган Қоработирнинг рамзи, ҳисобланади. Тоҳир ва Зуҳранинг қабри ҳақидаги афсона нима учун айнан Дўнг Қовчин қишлоғи номи билан белгиланганлигини ўрганиш учун тадқиқотлар олиб бориш зарур. Омонота тепалиги археологларни кутиб турган гўшалардан бири.

Тоҳир ва Зуҳра қабристони бугун хиёбон?!

Тоҳир ва Зуҳра қабристонини ободонлаштириш масаласига Президентимиз И. А. Каримов Қашқадарё вилояти ҳокими бўлган даврда катта эътибор билан қаради. У кишининг ташаббуси билан 1991-1992 йилларда Тоҳир ва Зуҳра қабристони ободонлаштирилди. Бу ерда катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада зиёратгоҳ чиройли хиёбонга айланди. Зиёратгоҳга Тоҳир ва Зуҳра афсонасидаги воқеаларга асосланган асар қаҳрамонлари ҳайкаллари мажмуаси, фаввора бунёд этилиб, атрофга ҳар хил манзарали дарахтлар экилди. Эндиликда бу ҳудуд саёҳатчилар диққатини ўзига тортадиганхиёбонига айланди.

Тоҳир ва Зуҳра зиёратгоҳига кираверишда мармар тошда шундай ёзув бор: "Тоҳир ва Зуҳра севишганлар хиёбони Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан бунёд этилган”.

Шундай экан, тирик ҳақиқат бўлган халқимизнинг бу афсонасини ёд айлаб, уни асраб-авайлашимиз зарур. Ҳозирда Ғузор ва бошқа туманлардан никоҳдан ўтаётган ёш келин куёвлар бир марта шу ерга келиб, Тоҳир-Зуҳра қабрига гул қўйиб севишганларни хотирлаб, дуои-фотиҳа қилиб кетишади.

Категория: Новости | Просмотров: 792 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]