Главная » 2011 » Ноябрь » 24 » Шумқадам канизак: у Нодирабегимнинг ўлимига сабабчи бўлганми?
16:15
Шумқадам канизак: у Нодирабегимнинг ўлимига сабабчи бўлганми?




1842 йилда «қассоб амир» дея ном олган Бухоро амири Қўқонни босиб олган, ўша пайтлар ҳукумат тепасида бўлган Муҳаммад Алихон ва унинг оила аъзоларини ҳам қириб ташлаган.

Икки салтанат орасида адоват анчадан буён давом этарди. Хусусан, Тошкент, Ўратепа, Жиззах каби шаҳарлар узоқ йиллар Бухоро ва Қўқон орасида қўлдан-қўлга ўтиб турган. Жумладан 1840 йилда Қўқон хони, Нодирабегимнинг ўғли Муҳаммад Алихон Бухоро устига қўшин тортган, аммо, мағлубиятга учраб орқага қайтган эди.

Амир Насрулло эса, хонлигидаги ичидаги парокандалик, кўпгина бек ва амалдорлар, дин пешволарининг хонга бўлган хусуматидан усталик билан фойдалана олди.

Муҳаммад Алихон отаси даврида хизмат қилган амалдорларнинг кўпчилигини қатордан чиқаришга ҳаракат қилар, уларнинг баъзиларини қатл этишга ҳам улгурган эди. Табиийки, бу сарой аъёнлари ичида жиддий парокандаликни келтириб чиқарди. Улар Мухаммад Алихонга қарши жиддий фитна уюштиришга киришдилар.

1842 йилда Қўқон уламолари Муҳаммад Алихонни кофир дея эълон қиладилар ва бу ҳақдаги фатвони Амир Насруллога юборадилар. Амирга ҳам худди шу керак эди. У катта қўшин билан Қўқон устига юради. Хонга қарши чиққан амалдорлар ёрдами билан Қўқон фатҳ этилади. Аввалига хон саройни ташлаб тоққа қочади. Кейин негадир ўз ихтиёри билан таслим бўлишни маъқул кўради.

Амир гарчи хонга омонлик ваъда қилган бўлса-да, ўз лафзида турмайди ва хонни ўз аҳлу аёли, фарзандлари ва онаси Нодирабегимнинг кўз ўнгида қатл эттиради. Бераҳм хон бу мудҳиш намойиш сўнгида Муҳаммад Алихонинг барча якинлари, шу қатори нозиктаъб ўзбек шоираси Моҳларойим Нодирабегимни ҳам қиличдан ўтказади.

Қўқон уламолари чиқарган «фатво» - яъни муслимлар амири унвонини олган хоннинг «кофирлиги» ҳақиқатга нечоғлиқ яқин эди?

Тарихий манбаларда, хусусан, Исҳоқхон Ибратнинг «Тарихи Фарғона» асарида ёзишича, фатвода Муҳаммад Алихон ўгай онасига уйланганликда айбланган. Гўёки, бир пайтлар отаси ўз никоҳига олган ва ундан икки фарзанд кўрган аёлни танмаҳрамликка қабул қилган. Бироқ, кўпгина тарихчилар бу факт ҳақиқатдан мутлақо йироқ экани, бу гаплар шунчаки хондан ўч олиш мақсадида тўқилган бўҳтон эканини ёзадилар.

Маълумотларга кўра, Муҳаммад Алихон уйланган қизнинг исми Подшоҳхон бўлиб, ўз даврида унинг гўзаллиги етти иқлимда достон бўлган. У тахминан 1810 йилларда Фарғона бекларидан бири Маҳмудбек оиласида дунёга келган. У Амир Умархоннинг ўлимидан салгина аввал ҳарамга келтирилган пайтда жуда ёш бўлган. Кўп ўтмай хон номаълум касалликдан вафот этади ва тахтга ҳали ўн беш ёшга ҳам тўлмаган Муҳаммад Алихон чиқади.

Ибрат Амир Насруллонинг Муҳаммад Алихонга хусуматининг асосий сабабларидан бири унинг Подшоҳхонга ғойибона муҳаббати бўлган деган тахминни илгари суради. Дарҳақиқат сулув Подшоҳхоннинг таърифу тавсифи ҳатто Бухорога қадар етиб борган эди.

Табиийки маишатга ўч бўлган Муҳаммад Алихонинг ўз ҳарамидаги бу соҳибжамолга бефарқ қолиши мумкин эмасди. У гарчи отасининг бу қизга рағбати бўлганини билса-да, бу малаксиймонинг васли иштиёқи хонга тинчлик бермасди.

Шунда у Подшоҳхон билан хилват тутишдан аввал уламолардан маслаҳат сўрайди. Дин пешволари «бу қиз отангиз пайтида ҳарамга келтирилган бўлса-да, у билан хилватда бўлмаганлар, шунинг учун унга яқинликдан сизга зиён йўқ” дея фатво бериб юборадилар. Шундан кейингина Мухаммад Алихон Подшоҳхонни ҳузурига чорлайди...

Таассуфки, бу фатвога муҳр босган уламолар унинг «онасига уйланиб кофир бўлгани ҳақида»ги иккинчи фатвони Амир Насруллога юборган эдилар.

Амир Насрулло Қўқонни қўлга киритганидан кейин қатл қилинганнинг хоннинг ўрнига Иброҳим парвоначи исмли кишини тахтга ўтқазиб, Подшоҳхони ўзи билан олиб кетади.

Шу ўринда ғалати бир тасодиф кўзга ташланади: Подшоҳхон хали ўн яшар атрофидаги қизалоқ пайтида Умархон унга хоҳиш билдиради. Аммо, ниятига ета олмай, дорулфанодан рихлат қилади. Муҳаммад Алихон ҳам унинг висолига туйиб улгурмай, Амир Насруллонниг тиғига учрайди. Энг қизиғи, унинг висолига тўйиш мақсадида Подшоҳхонни Бухорога олиб кетган Амир Насруллонинг ҳам ҳукмронлиги таназзулга юз тута бошлайди.

Баъзи маълумотларга кура, Подшоҳхон шумқадам, бехосият аёл сифатида Бухорода қатл этилган.
Категория: Har-Xil | Просмотров: 650 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]