Главная » 2011 » Ноябрь » 17 » Шайтон билан юзма-юз
15:49
Шайтон билан юзма-юз





Бу воқеани қишлоқдошларимиз жуда кўп эсга олишади. Кимдир "мен ҳам гувоҳи бўлганман", деса яна кимдир "бу гапларнинг ҳаммаси лоф", дейди. Аммо ҳодиса ҳақида билмаган одамнинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам биз ёшлар бу балки ҳақиқатдир, деб ўйлаймиз…

Қишлоғимиз тоғ ён бағрида жойлашган. Арчазор, жийдазорлар кечаси қандай ваҳима касб этишини фақат шу ерда яшаган инсонлар тасаввур қила олади. Шу ерлик аҳолининг ҳам қоронғи тушгандан кейин ёлғиз юришга юраги бетламайди. Бўри, тулки каби жониворлар қишлоқдошлар учун ҳеч нарса эмас. Лекин тоғ йўлида бир жой борки, у ердан кундуз куни ҳам унча-мунча одам ўта олмайди. Номи ҳам юракка ғул-ғула солади: "Шайтонгала"…

Айтишларича, бу ердан кечаси ўтган кишилар ғалати ва сирли воқеаларга гувоҳ бўлишган. Энг ғаройиби чўпонимиз Абдусамад ака билан рўй берган. У киши бутун қишлоқнинг қўйини боқиб кун кўрарди. Табиийки, бу юракка ваҳм солувчи жойдан кўп ўтишига тўғри келган. Шунинг учун қишлоқдошлар у кишини кўп саволга тутаркан:

— Ҳамма Шайтонгаладан қўрқади. Ҳар хил гапларни айтиб ваҳима қилишади. Лекин сиз жимсиз. Ё ҳамма гап ёлғонми?

— У ердан шайтонлар макон қилмаган бўлса ҳам кўп жам бўлади назаримда. Ўзим ҳам тунда олов ёқилган, шовқин-сурон эшитилганига гувоҳ бўлганман. Албатта, яқиндан бориб кўргани юрагим бетламаган. Аслида уларнинг шу жойда кўплигига ишонаман. Ахир қаерда шайтон йўқ, шуни айтинг менга?

Бу гапдан сўнг Шайтонгаланинг сирлилиги янада ортарди. Энг қизиқ воқеа эса, бундан беш-олти йилча аввал содир бўлди. Абдусамад чўпон эрта баҳор кунлари нақ саккиз хонадонга сўйилган қўйларини тарқатди. Эшитишимизча, барчасига бир хил гап айтган:

— Шайтон йўлдан уриб қўйингизни сўйиб қўйибман. Мана гўшти, хоҳланг сотинг, хоҳланг енг. Бу қўйингиз ўрнига меникидан хоҳлаганингизни олишингиз мумкин. Илтимос, кечиринг.

Ўйлаб қаранг, бир кунда нақ саккизда қўй сўйган у. Одамлар аввалига уни ақли-ҳушидан айрилдимикан, деб ҳам ўйлашди. "Жин чалган бўлиши ҳам мумкин", деди кимдир. Унга раҳми келганлар эса бошқача изоҳ беришди: "Чўпон хушёрликни йўқотган. Қўйларни бўрига бўғизлатган. Ишончни йўқотмаслик учун ўзим сўйдим деб, келган". Аммо бу каби фикрларга қарши чиққанлар кўп бўлди:

— Жиннимисан? Бўри бўғизлаган билан, сўйганнинг форқига боради одамлар. Қўйлар ростдан қўлда сўйилган экан…

Турган гапки, бу ҳолат чўпоннинг қариндошларини ташвишга солди. Улар бирин-кетин унинг хонадонига ҳол сўрагани боришган. Лекин чўпон аллақачон тоққа, қўйларининг ёнига чиқиб кетган экан. Аёли эса "ҳеч нарсани билмайман, шайтон йўлдан урди", деди холос, деб кўз ёш тўкиб ўтирган экан. Хотиржам бўлолмаган яқинлари ўшанда ёнига бориб ҳамма гапни билиб келишган:

— Ҳаммаси Шайтонгаладан бўлибди. Ҳамма қўй Шайтонгалада сўйилибди!

Бу гапдан кейин бир йилча ҳеч ким Шайтонгалага яқинлашмади. Турли қўрқинчли гап-сўзлар эса болалагандан-болалади. Яқин-яқиндан буён ўша воқеани чўпоннинг ўзи айтиб берадиган бўлди:

— Отам менга покиза одамдан шайтон қочади, дер эди. Доим тайинларди: "сен ҳар хил жойда юрасан. Шунинг учун таҳоратли бўлиб юр. Ҳеч нарса яқин кела олмайди". Мана шу гапга амал қилардим. Айниқса, Шайтонгала ёнидан ҳеч қачон бетаҳорат ўтмаганман. Фақат ўша саккизта қўй сўйган кунимдан ташқари… Ўшанда, ниятим уйга кела солиб кетиш эди. Шошганим учун таҳорат олиб ўтиргим келмади. Шундоқ йўлга тушдим. Шайтонгалага етганимда шарпасифат бўлиб кўзимга нималардир кўрина бошлади. Эътибор қилиб қарасам, думли, оёғи туёқли, қўрқинчли бир маҳлуқлар… Шайтон, дея қўрқиб кетдим. Аммо шу фикр миямга келиши билан ҳалигилар ғойиб бўлиб, бир нотаниш одам кела бошлади. Шайтоннинг ҳар қиёфага кира олишини унутган эканман. Нотаниш одам мен билан қуюқ сўрашди. Қўшни қишлоқданлигини, менга қўйларини боқишга бермоқчилиги айтди. Сўнг эса, "ўтиринг, яхшилаб танишайлик, қўйларни қаерларда боқасиз?" деди. Гап-гапга уланди. Қаранг, уйга шошаётганим ҳам эсимдан чиқибди. Кейин у мени йўлдан ура бошлади: "Ҳозир бўри кўпайган маҳал. Келинг, бир иш қиламиз. Менга одамларнинг қўйидан бир нечтасини сўйиб беринг. Сотиб, пулини келтириб бераман, сизга. Эгаларига бўри бўғизлади, дейсиз…" У мени шундай аврадики, шу пайтгача бировнинг игнасига ҳам ҳиёнат қилмаган одам қандай қилиб унинг ёнига қўйларни ҳайдаб келганим, сўйганимни билмайман. Саккизинчи қўйни сўяётганимда аксириб юбордим. Оғзимдан "алҳамдулиллоҳ", деган сўз чиқди. Айтишга ўрганиб қолганман-да! Аксирганда шайтон қочади, деган гап тўғри экан. Ҳалиги одамнинг қайга йўқолганини билмайман. Қарасам, саккизта қўйни сўйиб, қонга ботиб ўтирибман… Ўша-ўша Шайтонгалага йўлим тушса, таҳорат устига таҳорат оламан. Бу шайтонларга жазо. Таҳорат устига таҳорат олган одамдан нур таралиб шайтоннинг кўзини қамаштирар, ҳеч қаерни кўролмай қолармиш…

Чўпоннинг ҳикоясига ишонмайлик, деймиз. Аммо унинг саккиз қўйни сўйгани рост-да! Ҳа, дунёнинг биз билмаган синоатлари кўп…

Категория: Новости | Просмотров: 586 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]