Главная » 2011 » Ноябрь » 13 » Реклама учун олинаётган фильмлар ёхуд оилада оталар иккинчи ўриндами?
12:16
Реклама учун олинаётган фильмлар ёхуд оилада оталар иккинчи ўриндами?




Куни кеча Алишер Навоий номидаги кино саройида "Келганда келин-2 ёхуд Андижонча муҳаббат”, "Висол”, ҳамда "Андижонлик меҳмон”кинофильмларининг премьералари бўлиб ўтди. Бугун эса ушбу фильмлар юзасидан мулоҳазаларимизни сиз билан бўлишамиз. Ўйлаймизки, ушбу таҳлилимиздан ижодкорларимиз тўғри хулоса чиқаришади.

"ЙИГИТ КИШИНИНГ ОРИЯТИ СЎНГГИ ЎРИНДА...”

Одатда бир актрисанинг маҳорат билан яратган образи ёхуд томошабинни ушлаб туриш учун турли диалоглар билан бойитилган фильмларни кўп бор кўрганмиз. Рустам Саъдиев режиссёрлигидаги "Келганда келин-2 ёхуд Андижонча муҳаббат” фильмида ҳам томошабинларни актриса Дилноза Кубаеванинг маҳоратли ижросигина "ушлаб туради". Очиғини айтганда, фильмни бир кўришда "Авваллари компаниялар кинофильмларнинг реклама баннерларида иштирок этишарди, энди бутун бошли кинода реклама учун хизмат қилаётган экан-да” дейишингиз табиий. Ҳатто "Кўзларинг маюс” фильми ҳам реклама борасида "Келганда келин-2 ёхуд Андижонча муҳаббат” картинасидан ортда қолиб кетган. Тадбиркорларнинг ҳам ошиғи олчи бўлиб қолибди-да. Маҳсулоти ўтмай қолса реклама бериш учун телевидениега эмас, дарров сценарист топиб, киночиларга мурожаат қиладиган бўлишибди. Йўқса, бутун фильмнинг бошидан охиригача шарбат рекламаси бўлмасмиди? Бразилияликларнинг сериалларида қаҳрамонларнинг бутун ҳаётлари қаҳва билан боғланганини кўрганмиз-у, лекин кун келиб бизнинг режиссёрларимиз ҳам шу йўлни тутишади, деб ҳеч ўйламаган эканмиз. Бир сўз билан айтганда ушбу кинони томоша қилиб туриб, "ишбилармон, ўқимишли қизларимиз йигит кишининг уйига бориб ўтириб олиши ҳам мумкин эканми", деб ўйлаб қоласиз. Айниқса, фильмнинг баъзи лавҳалари ҳар мавсумда эфирга узатиладиган "Ишқдаги ишқ” фильмидан кўчирилгани томошабинни истамаган тарзда истеҳзоли кулишга мажбур қилади. Бироқ қувонарли жиҳати шундаки, премьеранинг сўнгига қадар томошабинларнинг ҳеч бири чиқиб кетганига гувоҳ бўлмадик. (Балки ўриндиқлар янги таъмирдан чиқарилгани учундир!) Фильмда йигит кишининг орияти энг сўнги ўринга қўйилган. Ахир қайси ўзбек йигити бир муддат катта корхона раҳбари бўлиш учун бир қизнинг қармоғига лаққа тушиб, ота-онасининг розилигисиз унга уйланишга рози бўлади. Фильмда ҳатто, йигит устидан ҳам ҳукмни қиз чиқаради. Шунингдек, қаҳрамонларининг исмлари ҳам ҳаётимизда деярли учрамаслиги аниқ. Томошабинлар Гўё Мақсадовна деган исм шарифни-ю, ўғил болага Абдубарно деб исм қўйишлари мумкинлигини фильм орқали билиб олишган бўлса ажабмас.

Фильмда актриса Дилноза Кубаева ижросидаги бош қаҳрамон ночорларга доимий равишда ёрдам бериши, ҳатто севган йигитининг опасига дўкон очиб бериб, уни эрининг таъналариан қутқариши одамларни бир-бирларига яхшилик қилишга, атрофдагилар аҳамиятлироқ бўлишга ундайди. Шу билан бир қаторда фильмда Андижон вилояти орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг бунёдкорлик ишлари чиройли тарзда акс эттириб берилган.

"АРАВАНИ ҚУРУҚ ОЛИБ ҚОЧАВЕРИШ ЖОНГА ТЕГМАДИМИ?”

Одатда актёр ва режиссёр Нозим Тўлахўжаев фильмларини томошабин ўзгача завқ билан томоша қилиши бизга маълум. Унинг фильмларидан мухлислар ўзи учун ниманидир ахтаради. "Висол” кинофильми ҳам кадрларнинг ажойиблиги ва қахрамонларнинг ҳаётимизга яқинлиги билан ажралиб туради. Аммо, негадир бу фильм илк лавҳалариданоқ томошабинларга Болливуд киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Мен ва сен” фильмини эслатиб юборади. Гарчи картина қизиқ воқеликларга бой бўлса-да, дастлаб диологлар, кераксиз гаплар кўп бўлгани учун залда ўтирганлар зериканидан узун-узун хўрсина бошлади. Бу фильмда ҳам ота-она, оилавий муносабатлари, фарзанд тарбияси сўнги ўринда турибди. Динейра, Адиз Ражабов ҳамда Бобур Йўлдошевлар ижросидаги бош қаҳрамонларнинг оиласига, ота-оналарига умуман назар ташланмаган. Бир кўришда бу фильмни ўзбошимча ёшларнинг ҳаёти деса бўлади. Фильм шунчалар саргузштларга бойки, ҳатто ундаги воқеалар томошабинлар учун қизиқ бўлмай қолди. Хўш бизнинг фильмларимизда қуруқ манзарани кўрсатиш қачонгача давом этади. Лўнда қилиб айтсак "Аравани қуруқ олиб қочавериш жонга тегмадими?” Қайси фильмни қараманг, йигит қизга қишлоғидаги шаршарани ёки маҳалласининг бир бурчагидаги эски олма дарахтига боғланган рўмолчаларни кўрсатиб ҳавойи гапларни айтиб юрган бўлади. Буларни кўриб "романтиклик ҳам эви билан-да", дегинг келади. Бироқ фильмда хонанда Динейра актриса сифатида кашф қилинган. Унинг образи томошабинларга манзур бўлди, десак хато бўлмас.

Албатта, бу фильмда ҳам ютуқлар йўқ эмас. Ақниқса, Дилбар Икромова, Диас Раҳматовлар ижросидаги рол томошабин кўнглига яқинлиги билан ажралиб туради. Чапани одамларнинг ҳаёти, яхши инсонлар ҳамма вақт кўмакка тайёр эканликлари ҳам фильмда ўз исботини топган.

"БЎЙИ ЕТГАН ҚИЗ ОЛДИДА ОТА ЧОЙ ДАМЛАБ ЮРСА...”

Бугун кино режиссёрларимизнинг олдига қўйилаётган энг асосий талаб фильмларда ёшлар образи орқали замона қаҳрамонларини яратиш. Аслида кўп қиррали ижодкор саналмиш Жаҳонгир Позилжоновнинг фильмларидан замона қахрамони-ю, мантиқни ахтаришга ҳожат йўқ. Бекорга вақтингиз кетгани қолади. Жаҳонгир Позилжонов режиссёрлигидаги саккизинчи кинофильм саналмиш "Андижонлик меҳмон” картинасидан ҳам ортиқча мазмун қидириш игна билан қудуқ қазигандай гап. Яхшиси, еттитасига чидаган саккизинчисига ҳам чидаб қўя қолай деганингиз маъқул. "Эшонов Баҳодир" исми адашмасак бундан 5 йил илгари қизиқчиларимиз ҳандаларига киритилган эди. "Мен Эшонов Баҳодир, Қўйлиқ бозоридан 2 та лотарея сотиб олган эдим”, деган жумла ёдингизга тушгандир? Буни қарангки, бу исм фильмга энди етиб келибди. Картинада қаҳрамонларга табиийлик етишмайди. Балки томошабинларнинг кўп қисми фильм тугамасиданоқ зални тарк этганининг сабаби ҳам шундадир?! Шу режиссёрнинг фильмларида кўрсатилаётган корхоналарга ҳавасинг келади. Бироқ фильм давомида қаҳрамонлар раҳбарлик қилиб, қора курсида ўтирган корхона нима иш билан шуғулланиши умуман тилга олинмайди.

Шунингдек, сўнги пайтларда кўпгина фильмларимизда оилада оталар иккинчи даражали бўлиб қолаётгани тасвирланяпти. Бу билан киночиларимиз нимани тарғиб қилишяпти? Биргина мисол: дастурхон атрофида бўйи етган қиз ўтирса-ю, бўйнига "фартук” илиб отаси чой дамлаб юрса… Камига қироличадек савлат тўкиб ўтирган она фарзандлари қаршисида турмуш ўртоғини мазах қилишдан чарчамаса. Буни қайси мезонлар билан баҳолаш мумкин. Миллий киномиз деб бонг ураётганимиз миллий қадриятларимизга умуман зид бўлиб турса, бунга қачонгача кўз юмиб ўтиш керак? Пулнинг кучи ҳар нарсага қодирлиги картинада яққол ифодаланган. Балки ижодкорлар фильм асоси ҳам маблағга қурилганини томошабинга шу йўл билан тушунтиришмоқчи бўлишгандир?!

Фильмда гарчи дебютант бўлса-да, хонанда Умидахоннинг роли ишончли ва таъсирли чиққан. Актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров билан боғлиқ лавҳалар эса томошабинни самимий кулгуга чорлайди.

"Иш бор жойда камчилик ҳам бўлади”, деган гапни кўп эшитамиз. Лекин бу йўл билан ўзимизни ўзимиз алдаб қачонгача таскин бериб юрамиз. Ахир қачонгача фильмнинг сўнгига бормасдан томошагоҳни тарк этамиз. 3-4 минг сўмга олинаётган чипталар томошабинга ўз қийматидан-да, кўпроқ маънавий озуқа бериши зарурлигини бугунги ижодкоримиз дўппини ерга қўйган ҳолда, бироз ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди. Биз эса кинофильмларни томоша қилган ҳолда ўзимизнинг энг холис фикрларимизни беришга ҳаракат қилдик. Балки юқоридагиларнинг ҳам келгуси фильмларимизда оз бўлса-да, фойдаси бўлар? Зотан, айтилганларнинг бари кимнингдир манфаатлари учун эмас миллий киномиз ривожи учун хизмат қилса деймиз



Категория: Новости | Просмотров: 618 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]