Главная » 2011 » Ноябрь » 19 » «PAYNET+» ниқоби остидаги молиявий найранглар
11:43
«PAYNET+» ниқоби остидаги молиявий найранглар




Бизнес режасиз бўлмайди. У таваккалга асосланган бўлса-да, қулоч ёзиб, гуркираб кетиш учун пухта режа керак.Искандар акаси Сарвар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) билан «пул қилиш» режасини тузар экан, узоқ ўйланди. Ва ниҳоят, интернет тармоғи орқали бизнес қилиш ҳақидаги фикр уларнинг хаёлини буткул қамраб олди.

Ҳаммаси сиртдан қараганда яхши эди – ният холис, режа тўғри! «Paynet» шохобчаларини очиш, пулни айлантириш,хизмат эвазига олиб қолинадиган фоиз ҳисобидан яхшигина даромад кўриш. Бундай қараганда, ҳозирги замон қавмининг етти ёшидан етмиш ёшигача қўлида телефон, ёшларнинг аксариятининг уйида интернет. Уларнинг барчаси харажатни, тўловларни тақозо этади. «Paynet» шохобчалари эса беминнат хизматкорга айланиб боряпти. Қоладиган икки фоизлик даромад ҳам ёмон эмас.

Шаҳарнинг ўн-ўн беш жойида «точка» очиб қўйиш эса унчалик қийинчилик туғдирмаса керак. Лекин режанинг махфий жиҳатлари ҳам бор эди. Пул айланган жойда ундан фойдаланса бўладиган услублар ҳам бор…

СОХТА ФИРМАЛАР

Искандар 2008 йил 5 август куни ҳокимиятга бориб, «Avzo-nur» МЧЖни ташкил этди. Лекин нимагадир фирмага бошқа шахсни раҳбар этиб тайинлади. Ҳисобчини белгилашда ҳам шу йўл танланди. Таниши Фарида Азизова билан маслаҳатлашиб, Гулнора Холиқовани расман бухгалтер сифатида расмийлаштирди. 2008 йил 2 декабрь куни эса яна бир таниши Шуҳрат Қосимхонов якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Муҳрлар, штамплар, банк чеклари Искандар, акаси Сарвар, амалда ҳисобчилик қилган Фариданинг қўлида эди. Фирма ушбу шахслар томонидан бошқарилар, «тадбиркор»лар эса ўзларининг номидан нималар қилаётганидан бехабар эдилар.

Дастлаб «Paynet» ҚК билан агентлик шартномаси тузилганида иш осонгина кўчди. Ҳар иккала тадбиркорлик субъекти номига жами 136 та логин олинди.

«Логин» - интернет ибораларидан бири. "Paynet” орқали пул ўтказиш учун эса интернет орқали пайнетдаги фирманинг ҳисоб рақамига кириш керак. Бундай ҳуқуқ эса компания томониданшартнома асосида "логин” тарзида берилади. Тўғрироғи, фирманинг пул ўтказадиган шохобчаларига шартли номлар (логинлар), пароллар олдиндан белгилаб берилади. Ҳар бита логин битта тўлов шохобчаси дегани. Логинлар қанчалар кўп бўлса, шохобчалар сонини шунча ошириш мумкин.

Хуллас, Искандар, Сарвар ва Феруза тезда ўз атрофига «команда» йиғиб олишди. Тошкент шаҳрининг кўпгина жойларида тўлов нуқталари очилди. 2008 йилда хизмат кўрсатиш ишлари унчалик авж олмади. Бор-йўғи 4-5 млн сўм пул ўтказилди. Янги йилдан бошлаб янги имкониятлар очилгандек бўлди. Пластик карточкалар орқали тўлов оммалашабошлади.

Иш юришиб кетди. «Фирма раҳбари» ва «бухгалтери» ҳам амалда ушбу гуруҳнинг оддий пул сановчи, йиғиб олувчиларига айланишди. Искандар ва жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари бу ишларга раҳбарлик қилишарди. Бу анчагина қулай эди. Фойда кўрадиган бошқа, жавобгар шахслар эса бошқа. Ишкал чиқадиган бўлса, расман ҳеч нарсани бўйнига олмасдан юравериш мумкин.

Иш авжига чиққанида, навбатдаги муаммо пайдо бўлди. «Paynet» ҚКси ҳар бир фирмага бериладиган логинлар сонини кескин қисқартирди. Фирмалар томонидан молиявий найранглар содир этиш эҳтимолини камайтиришга қаратилган ушбу қарор Искандар ва шерикларининг ишига жиддий зарар келтира бошлади. Ўзаро маслаҳат билан у жиноий йўллар билан топган даромадларини легаллаштириш мақсадида қўл остидагилар номига ўн битта янги МЧЖлар ташкил этди. Фирмаларнинг номига жами 184 та логин олинди. Пул сановчилар, йиғиб олувчилар, шохобчаларда тўлов қабул қилувчилар билан амалда ҳеч қандай шартнома тузилмаган, меҳнат дафтарчалари юритилмаган. Табиийки, компания томонидан берилаётган 2 фоизлик устама жиноий гуруҳни қанотлантирмас эди. Шунда пулни айлантиришнинг спекулятив услуби асосида ишлай бошланди. Яъни, ҳеч қандай тўлов хизмати кўрсатилмаса-да, пулларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш, эвазига эса ўн- ўн беш фоиз ушлаб қолган ҳолда нақд пул бериш. Ҳар юз мингдан ўн минг фойда! Ёмон эмас. «Нақдлаштириш» деб номланган операциялар кўлами кенгайиб борди.

БЕМИННАТ «ИНКАССАЦИЯ ХИЗМАТИ»

Жиноий гуруҳ аъзолари шохобчалар орқали пулни йиғиб олишар экан, тушумни бита жойга тўплашган. Пластик карточка эгаларига нақд пул бериб юборишган. Кунига 1 млн сўмдан ортиқ нақд пул маблағларини олиб қолишган. Қолганини эса инкассация хизмати орқали банкка топширишган. Сир ошкор бўлиб қолмаслиги учун маълум ҳақ эвазига инкассаторлар билан ҳам ўзаро келишишган. Б ишда уларга инкассаторлар Дилмурод Мусомуҳаммедов, Хайрулла Қодирхоновлар маълум ҳақ эвазига хизмат кўрсатиб туришган. Инкассация, қонунга хилоф равишда, амалдаги шохобчалардан эмас, тўпланадиган жойи- Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Улугбек кўчаси 1-а уйда топширилар эди.

Улар савдо шохобчалари мавжудлигини умуман ўрганишмаган. Жамият раҳбарлари номидан инкассация шартномаси тузиш тўғрисида қалбаки аризалар берилган. Савдо шохобчаларининг юридик манзиллари ҳақидаги далолатномалар жойига чиқмай расмийлаштирилган.

Холбуки, пул тушумлари ҳужжатларда кўрсатилган манзиллардан йиғилиши керак бўлган. Текширув пайтида МЧЖлар томнидан кўрсатилган манзилларнинг бирортасида ҳам савдо шохобчалари йўқлиги аниқ бўлди.

Тергов ҳаракатлари бошланганидан кейин жиноятчилар билан "тил бириктирган” инкассаторлар Дилмурод Мусомуҳамедов, Хайрулла Қодирхоновлар улардан Тошкент шаҳар инкассация бошқармасига хат беришни талаб қилишди. МЧЖлар раҳбарлари томонидан «пулни битта манзилдан олиб кетишни» илтимос қилиши мазмунидаги жами 9 та хатнинг сохталиги маълум бўлса-да, олдинги кунлар санаси билан расмийлаштирилади ва ҳужжатлар орасига тикиб қўйилади…

СУД ҲУКМ ҚИЛАДИ…

«Жами 20 нафар жиноий гуруҳ аъзолари томонидан 2008 йилда 2 млн 936 минг 2009 йилда 518 млн 186 минг сўм, 2010 йилда 20 млн 773 минг сўм, жами 541 млн сўм назорат касса машинасидан ўтказилмаган ва банка кирим қилинмаган.

Улар 2009 йилда ҳисоб рақамига 1 млрд. 602 млн. сўм пулни уяли алоқа хизматлари учун ўтказганлар. Ўтказилган ушбу сумма ҳисобидан пулни нақдлаштирганлар. Эвазига эса 10 фоиз улуш олганлар.

Жиноий гуруҳ аъзолари МЧЖларига сохта раҳбарлар тайинлашган ва логинларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз тарқатиб юборганлар. Ходимлар билан ҳеч қандай меҳнат шартномалари расмийлаштирилмаган ва тегишли ҳужжатлар юритилмаган.

Бундан ташқари, жиноий гуруҳ аъзолари 1 млрд.сўмдан ошиқ давлат бюджетига белгиланган миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлар…»

. Суд ҳукми ўқилаётганида жиноий гуруҳ аъзолари содир этган қилмишларининг аҳамиятини ҳамон англамагандек таассурот қолдирар эди. Начора англаш учун вақт, тарбия аҳамиятига эга бўлган жазо керак. Шундай ҳам бўлди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан уларнинг ҳар бири тегишли жазосини олишди.

(исм-фамилиялар ўзгартирилган)

Категория: Новости | Просмотров: 615 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]