Главная » 2011 » Ноябрь » 9 » Олифта қизларнинг жазоси ёки замонамиз Назиралари
19:11
Олифта қизларнинг жазоси ёки замонамиз Назиралари




 Хўш...

— Нима хўш?

— Икки қўлинг бўш, аҳмоқ!



("Суюнчи” фильмидан)


Қўшним Матниёз яқинда умрида илк бор учрашувга чиқиб, "Суюнчи” фильмидаги Абдулладан ҳам қийин аҳволга тушиб қолди, чунки у билан унаштирилган қиз ёмон "издеваться” қилиб ташлабди. Бечора Матниёз уйга келиб, онасини кўриши билан қассобнинг пичоғини кўрган ҳўкиздек бўкириб, йиғлаб юборибди. 

Юзига ярим челак муздек сув сепиб ўзига келтиришибди. Туҳмат бўлмасин, қизнинг қўшнимга айтган баъзи гапларини сўзма-сўз ёзаман: "Туя саунани истаб қолибди-ю. Ў, ҳарип, сан ким бўлдинг, манга совчи юборасан? Кўзгуга қараганмисан? Ибтидоий одамга ўхшайсан-у, бетинг қурсин. Ҳамма ёғингдан қўйнинг ҳиди келяпти-ю, қўйхонада яшайсанми нима бало?! Сен яхшиси "Эсмеральда”даги Домингога совчи юбор хўп?!”. Узр, қолган гапларни айтолмайман, кўзимга ёш келди. Унақамас-да энди. Аслида Матниёз қўй оғидан чўп олмаган юввош йигит (тўғри, эрмакка қўйнинг кўзига чўп тиқиши мумкин, чўпон бўлгандан кейин эркалайди-да ўз қўйларини). Қилган ягона хатоси шошганидан охирги марта ўтган ойда ювинганини эсдан чиқарган учрашувга боришдан аввал, шундай бўлсаям унчалик қилмас керак эди, икки дунёда ҳам уйланмайман деб туриб олган, энди қандай уйлантиришади уни, ҳайронман.

Шу воқеани эшитиб, эсимга синфдошим Сайёра тушди, жа ўзига осмонўпар бино қўйган қиз эди, синфимиздаги ўғил болаларни сариқ чақа у ёқда турсин, купон пулга ҳам олмасди, нуқул масҳара қилгани-қилган эди. Ўзи ҳам фариштамас, кўзлари бақачаноқдек, бурни боксёрларникидек яп-ясси, лаблари нор туяникидек ташқарига бўртиб чиққан эди. Шундай бўлса-да, баъзи болалар уни севишарди. Яқинда қишлоққа борганимда кўриб қолдим. Бечора оқ отда келадиган шаҳзодани кутавериб, ҳозир ўзи оқ эшак миниб юрибди. "Б” синфда ўқийдиган Эрмат майнавозга эрга тегибди, жонига ҳам теккан бўлса керак. 

Талабалик пайтимизда курсдошим Нормат Насиба деган қизни севиб қолди. Бир куни эҳтирослари жунбушга келиб, унга шундай дебди: 

— На қадар ажойиб куласиз, отангиз қандолатчими?

— Йўқ, тикувчи, сенга ўхшаган эшакларга тўқим тикади, дебди қиз. Шу ҳам гапми энди? Ёмон хафа бўлди дўстим. Аламига ўша қизнинг дугонасига уйланди, ҳозирда бахтли ҳаёт кечиришмоқда. Буни қарангки, орадан олти йил ўтиб, ўша "эшакларга тўқим тикадиган” одамнинг қизи Норматнинг цехига иш сўраб келибди. Нормат ҳам жавобни ёпиштирибди:

— Эшаклардан буюртма тушса сизга хабар берамиз. 


Ёки Ўрол деган курсдошимнинг ҳаётида бўлган воқеани олайлик. У бундан 5 йил олдин кафега кирса, бир қиз ўтирганмиш, қаршисидаги стул бўш турган экан. Секин бориб сўрабди:

— Бўшмисиз?

— Йўқ, овқат еяпман.

— Мен стул учун сўраган эдим.

— Майли, у ҳолда стул иккалангни ёлғиз қолдираман, деб туриб кетибди. Тавба, гапириб ҳам бўлмас экан-да. 2-3 кундан кейин дўстим ўша қизни айни шу жойда яна учратибди. Йиқилиб курашга тўймаган Ўрол унга ўзича яна гап ота бошлабди:

— Салом қалайсиз?

— ??? 

— Танишамизми? 

— ??? 

— Менинг исмим Ўрол.

— Йўқол.


Ўрол шунча одамнинг олдида уятга қолибди. Лекин тушкунликка тушмади. Яхши бир қизга уйланди. Унга "йўқол” деган ўша қўпол қизни яқинда кўрибди, шоқолга ўхшаб қолганмиш, уйдан фақат буханка олишга чиқаётганмиш. Қўпол бўлганига совчи ҳам келмаётган бўлса керак?!

Худди шундай олифта, димоғдор қизларга айтар гапларим бисёр. Тақдир баъзан тишларини кўрсатиш учунгина кулиб қўяди. Бугунги гўзаллик, диққат-эътиборда туриш ўткинчи жараён. Бирор йигит сизга яхши муомалада мурожаат қилдими, унинг ҳам қалбига қулоқ солиш керак. Балки нияти жиддийдир, ҳамма йигитлар ҳам шилқим, безбет бўлмайди, бизга ўхшайдиган яхши тушунган, зиёли, хотини бўла туриб қизларга гап отмайдиган йигитлар ҳам бор (шпаргалка учун телефонимни ҳам шу ерга ёзиб қўярдим-у, хотиним кўриб қолиши мумкин-да). Дарахт қанчалик баланд бўлмасин, хазонрезги пайти барглари барибир тагига тушади. Бугун бурни 45 радус юқорига кўтариб юрган қизлар ҳам бир кун қайсидир Абдусатторнинг қўлига тушади. Итальянларда бир мақол бор: "Che sarа, sarа”. Яъни, бўладиган нарса барибир бўлади. Хуллас, "бинокор” қизлар унақа қилманглар, яхши йигитларнинг қарғиши ҳам ёмон бўлади. 


Айрим қизлар ҳақида латифа


Қизлар учун келажакда турмуш ўртоғи танлаш имконини берадиган супермаркет очилибди. Супермаркет 4 қаватли экан. Ҳар қаватга кўтарилган сари эрликка даъвогарларнинг савияси ошиб борар экан. Лекин савдо растасида бир қонун бор экан: агар бир қиз қайси қаватдаги эшикдан кирса, фақат шу ердан "харид” қилишга мажбур экан. Агар бу қаватдаги йигитларни менсимай тепага чиқишга қарор қилса, пастдаги қаватлардан ёр танлаш имконидан маҳрум бўларкан.

Маҳалланинг бир гуруҳ қизлари ёр топиш илинжида ўша супермакетга келишибди. 

1-қават. Эшикда қуйидагича ёзув бор экан: "Бу ердаги йигитлар ишчан, фарзандларга меҳрибон ва келишган”. Қизлар: "Ҳммм, ёмонмас, лекин тепани ҳам кўрайлик”.

2-қават. Эшикдаги ёзув: "Бу ердаги йигитлар топарман-тутарман, фарзандларга меҳрибон, жуда келишган ва бўлажак рафиқаларига уй ишларида ҳам ёрдам беришади”. Қизлар: "Эҳ, зўр-ку, жуда таъсирли, лекин юқорида яна қаватлар бор”.

3-қават. Эшикдаги ёзув: " Бу ердаги йигитлар яхши пул топадиган, фарзандларга меҳрибон, жуда келишган, уй ишларида ёрдамчи ва романтик”. Қизлар хурсандчиликдан чинқира бошлашади: "Қойил, даҳшат, шу қават шундай бўлса, 4-қават бундан-да ажойибдир”. Шу тариқа охирги қаватга кўтарилишибди.

4-қават. Эшикдаги ёзувга шундай деб ёзиб қўйилган экан: "Бу қават бўм-бўш, фақатгина қизларнинг мамнун қилишнинг иложиси йўқлигини исботлаш учун қурилган. Ташқарига чап тарафдаги лифт орқали чиқишингиз мумкин, раҳмат”
Категория: Har-Xil | Просмотров: 595 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]