Главная » 2011 » Ноябрь » 18 » Ногиронлик нафақаси кимларга тайинланади?
17:58
Ногиронлик нафақаси кимларга тайинланади?


Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳар ойлик нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида таҳририятимизга келган бир қанча мурожаатлар ушбу мавзуга қўл уришимизга сабаб бўлди...

Бугун республикамизда 3 турдаги нафақа мавжуд бўлиб, улар:

* ёшга доир;

* ногиронлик (болаликдан ногиронлардан ташқари);

* боқувчисини йўқотганлик нафақалари

Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор Қарорлари асосида тайинланади ва тўланади.

— Эрим 3-гуруҳ ногирони. Бир неча ойдан бери ногиронлик нафақасини сўраб бормаган жойим қолмади. Ногиронлик нафақалари аслида кимларга тайинланади? Шунга аниқлик киритсангиз?

Бозоргул Дуйсенгалиева, Қорақалпоғистон Республикаси

— Ногиронлик нафақаси ногиронлик содир бўлган ҳолларда, меҳнат қобилияти доимий ёки узоқ муддатга йўқотилгандагина тайинланади. Ёшидан қатъи назар, ишламайдиган, фақат 1 ва 2 гуруҳ ногиронларига тўланади.

Пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронларига ногиронлик пенсияси бор стажга мутаносиб миқдорда тайинланади.

Ишлайдиган ва бошқа ҳақ тўланадиган даромад манбаига эга бўлган 1 ва 2 гуруҳ ногиронларига (алиментлар ёки стипендиялар бундан мустасно) ногиронлик нафақаси тайинланмайди.

Ногиронлик нафақаси меҳнатга лаёқат йўқотилишининг бутун даври учун тайинланади.

— Кишининг меҳнатга лаёқатсиз эканлиги қандай аниқланади?

Акбар Самадов, Тошкент шаҳри

— Меҳнат қилишга лаёқатсизлик даражасини (бу лаёқат доимий ёки узоқ муддатга йўқотилганда) ҳудудий Пенсия жамғармалари томонидан бериладиган йўлланмалар асосида тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари аниқлайдилар.

Меҳнат қилишга лаёқатсиз ёки ишлаш мумкин эмаслиги аниқланганда, комиссия тегишли хулоса чиқаради. Комиссия қабул қилган хулоса асосида тузилган тиббий текшириш далолатномасидан кўчирмани 7 кун муддат ичида Пенсия жамғармаси бўлимига жўнатади.

Меҳнатга лаёқатсизлик пенсияга чиқмасдан аввал содир бўлса, ногиронлик бўйича пенсия белгиланади. Меҳнатга лаёқатсизлик ёки соғликни йўқотганлик даражасига кўра ногиронлик уч гуруҳга тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан ажратилади.

— Нафақа олиш учун мурожаат қилишда қандайдир муддатлар белгиланганми?

Баҳодир Кенжаев, Навоий вилояти

— Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлганлар ушбу ҳуқуқ пайдо бўлгандан сўнг бирор бир муддат билан чеклашсиз, исталган вақтда ўзи яшаётган ҳудуддаги пенсия жамғармасига мурожаат қилишлари мумкин.

— Нафақа олиш учун қаерга мурожаат қилинади? Қандай ҳужжатлар тайёрланади?

Рустам Бердиев, Наманган шаҳри

— Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза билан ўзингиз яшайдиган ҳудуддаги Пенсия жамғармасига мурожаат этишингиз мумкин. Аризага:

* паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси;

* маҳалла фуқаролар йиғинидан яшаш жойи, ўзи ва оила аъзолари ҳақида тўлиқ кўрсатилган маълумотнома;

* боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинлашда боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари;

* ногиронлик гуруҳини аниқлаш учун тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг тиббий текшириш далолатномасидан кўчирма илова қилинади.

"ДАРАКЧИ” маълумотномаси

Ўзбекистонда кейинги ўн йил ичида:

* ногиронлар сони 1,2 баробар, болаликдан туғма ногиронлар 1,5 баробар, биринчи марта ногирон деб топилганлар сони 2 баробарга камайди;

* аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга узайди;

* муҳтож ногиронларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан тўлиқ таъминлашга эришилди.

Саволларга Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бош мутахассиси Абдурашид Исмоилов жавоб берди.


Категория: Новости | Просмотров: 1516 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]