Главная » 2011 » Ноябрь » 21 » Муҳаббати олмосда акс этган актриса ёхуд Сумбул Султон 50 дан ошган аёллар учун севги йўлини очди!
04:47
Муҳаббати олмосда акс этган актриса ёхуд Сумбул Султон 50 дан ошган аёллар учун севги йўлини очди!



Ўйчан шаклда боқадиган бир жуфт яшил кўз... Мафтункор чеҳра... У ўтмишдаги сарой хонимларини эслатади... У Сумбул хоним... У Селда Алкор... Катта танаффусдан қайтиб, кино оламни ларзага солган актриса... "Ишкомли уй” сериалида Сумбул хоним образини жонлантирган Селда Алкор бизни ҳам ҳайратга солгани ёлғон эмас. Шу мақсадда ушбу актриса билан интернет орқали кичик суҳбат уюштирдик.

Селда Алкор 1946 йилда Жалолиддин Румий диёри бўлмиш Қўнёда таваллуд топди. Отаси Маниса полиция маҳкамасининг комисарри бўлган. Отасидан 12 ёшида, онасидан эса 14 ёшида ажралади. Шундан сўнг акаси билан биргаликда Истанбулда яшайдиган опасининг уйига йўл олишади. Аввалига гул магазинида гулдаста тузиш билан шуғуллана бошлаган Селда отаси сингари полиция ходими бўлишни орзу қилган. Расм чизишга ҳам жуда қизиққан экан. Аммо дўстларининг биргина гапи унинг ҳаётини ўзгартириб юборади. Баъзан орзулар ушалмай, тақдир инсонларни бошқа соҳилларга элтади. Яшил кўзли қиз ҳам рассом бўлиш ўрнига машҳур актрисага айланди.

— Салом Селда хоним, сизни Ўзбекистондан безовта қиляпмиз. Юртимиз ҳақида билганларингизни ўртоқлашсангиз.

— Ў-ў-ў, Ўзбекистон... Довруғимиз аждодларимиз диёрига ҳам етибдими? Жуда хурсандман, Марказий Осиёнинг қалби бўлмиш Ўзбекистон ҳақида эшитиш шахсан мени ларзага солади. Тарих фанидан яхши ўқиганим боис, қадимий диёрингиз ҳақида кўп маълумотларни биламан. Олиму фузало, жаҳонгашта қаҳрамонлар ўлкаси. Тарихий асарларни ўқишга ҳам қизиқишим боис бир неча йил олдин ёзувчи Ёвуз Баҳодирўғлунинг Жалолиддин Мангуберди жасоратлари ҳақидаги "Алвидо Бухоро” асарини севиб мутолаа қилганман. Агар ушбу асар асосида фильм ишланса "Шерюрак” фильмидан ҳам гўзал фильм чиқишига ишонаман. Шундай улуғ қаҳрамонлар диёрида мендек бир оддий актрисани танишларидан бошим осмонга етди.

— Актрисаликка қадам ташлашингизга нима туртки бўлган?

— Опамнинг бир қўшниси менга бир кун "Гўзал қизсан. Шундай бир танлов бор. Ҳулялар, Идизлар, Аждаларни шу танлов кашф қилган. Сен ҳам суратингни юбориб кўр”, деб қолди. Дугоналарим ҳам қистай бошлагач, акам ва опамдан яширинча суратга тушиб, журналга юбордим. Тўғриси, шунчаки юборгандим. Аммо кутилмаганда "Танловнинг илк босқичидан ўтдингиз”, деган хабар олдим. Карахт аҳволга тушдим, чунки чиндан кутмагандим. Мен кинога жуда ажойиб даврда кириб келдим. Ижодкорларга нисбатан ҳурмат-эътибор юксак давр эди. Шу боис бўлса керак, техника соҳасида имконияти чекланган бўлишига қарамай ўша даврда ишланган оқ-қора рангда ишланган фильмлар ҳозирда ҳам севиб томоша қилинмоқда.

— Жуда қўли гул ошпазлигингиз айтилади? Қўлини совуқ сувга урмайдиган актрисалардан эмассиз, демак?

— Албатта. Мен полиция қизи сифатида дунёга келдим. Уй ишлари мен учун оддий иш. Нима, машҳур бўлдим деб бу ишларни қилмаслигим керакмиди? Баъзи сериалларни суратга олиш учун ойлаб бошқа вилоятларга кетардик. У ерда ҳам овқатни ўзим тайёрлаб, ҳамкасбларимга тортиқ қилардим.

— "Ишкомли уй”даги Сумбул хоним образи билан ундан кейин суратга олинажак кўплаб актрисага йўл очдингиз. Чунки ҳалиям сиз яратга образни тақлид қилишмоқда…

— Сумбул хоним образида акс этган маъно шунда: "Аёл ҳар ёшда аёлдир”. Фарзандлари, неваралари бўлишига қарамай севиб қолишдан тортинмаган аёл. Ёш қизлардек пардоз-андоз қилиб, уйдагиларга ёлғон гапириб, ҳайдовчини доғда қолдириб, севган инсони билан яширинча учрашишга жасорат топган аёл. Яъни, Сумбул образи "Ёшинг бир жойга борди, уял” деб камситилган аёлга "Йўқ, улар хато айтяпти, сен ҳам сева оласан”, деган хабарни берди. Сумбул хонимнинг ёшлардек замонавий кийимлар кийганини барчага маълум, шундан сўнг бунақа кийиниш аёлларимиз орасида авж олди.

— Ушбу муҳаббатни тасвирлаган жавоҳир яратилган экан, шу тўғрими?

— Ҳа. Сумбул ва Али бейнинг муҳаббатининг "ўтмиши-бугуни-эртаси”ни ўзида ифода этган "Трио” номли уч олмосли узук модели чиқарилди. Шунингдек, "Ишкомли уй” узуги ҳам чиқарилди. Эсласангиз, сериалда Сумбул хоним Сейманга отасидан қолган узукни ҳадя қилади, шу узукка ўхшаш узуклар ҳам ҳозирда сотувга чиқарилган.

— Ҳозирги актрисаларнинг тез-тез шоу-бизнес хабарларида ҳар хил вазиятларда пайдо бўлиб қолишига фикрингиз қандай?

— Машҳурларнинг матбуотда майда-чуйда икир-чикирлар билан ўралашиб юриши истагига боғлиқ. Сен ҳақингда турли бўлмағур гапларни ёзишларини истасанг дуч келган жойда юришинг керак. Ҳозир газета ва телеканаллардаги шоу-бизнес хабарнини кузатиб, бир нарсага ҳайрон қоламан. "Фалон билан қўлга тушди”, дейилган машҳурлар ўзларини худди журналистлардан қочаётгандек кўрсатишади, саволларга жавоб беришмайди. Аслида улар буни ўзлари ҳақида ёзишлари, кўрсатишлари учун уюштиришади. Эрим билан мен ўша даврнинг энг машҳурларидан эдик, аммо 2 йил учрашиб юрган бўлсак, биз ҳақимизда бир сатр ҳам шунақа хабар чиқмади.

— Юртимиздаги мухлисларинингзга тилакларингиз.

— Ўзбек хонадонларига Сумбул Қорадоғ бўлиб кириб борган экан, орзуим Хонимоға, Саодат, Семиха образларим билан ҳам кириб бориш насиб этсин. Барчасига бахт тилайман, эътиборлари учун ташаккур дейман!


Категория: Новости | Просмотров: 673 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]