Главная » 2011 » Ноябрь » 23 » «Ҳеч кимга фойдаси тегмаган ҳийлаларим»
17:45
«Ҳеч кимга фойдаси тегмаган ҳийлаларим»




«Макрнинг 41-туяси» саҳифасидаги мақолаларни анчадан буён кузатиб бораман, тўғриси, макр ишлатиб, бахти очилиб кетганларга ҳавасим келади. Айниқса, яқинда бир акахонимизнинг хотинини "хонакилаштиргани” ҳақидаги мақоласидан жуда таъсирландим ва мен ҳам хотинимга макр ишлатишга қарор қилдим, чунки баъзи қилиқлари ғашимга тега бошлаганди…


Лекин воқелар ривожига олдиндан ўтиб, шуни айтаманки, ўйлаб топган макрларим ўзимга ёқмади, қисқаси, қирқ битта туя тугул битта эшакка ҳам юк бўлмади. Хуллас, гапнинг ичак-қовоғини четга суриб, пўст калласига ўта қолай...


Биринчи макр

Кўп қаватли уйда яшаймиз. Рўпарамиздаги қўшнимиз Абдусаттор қабристоннинг қоровулими дейман, ҳар куни хотинига бир даста гул кўтариб келади. Хотиним кейинги пайтда "Сиз ҳатто туғилган кунимда гул олиб келмайсиз, қўшнимиз эса...” деб минғирлай бошлади. Эҳ, «уй олма — қўшни ол», деб шунга айтишса керак, устунларга ёпиштирилган эълонлардан сотиладиган уй эмас, сотиладиган қўшни қидирсам бўлар экан ўшанда. "Ишдан кечки соат 11:00 да чиқсам, метронинг охирги қатновига зўрға улгураман-у, гулни қаердан оламан энди?” деб бошим қотиб турувди ишхонамизга "ўрифлеймчи” опа келиб қолди. Совун, икки хил лаб бўёғи, атир, соч турмаклагич сотиб олдим. Режага кўра ҳар куни уйга борганимда хотинга биттадан бераман, қарабсизки, беш кун совға олган хотиним хурсандчиликдан тилдан қолади. Хуллас, уйга бордим, секин сумкамдаги совғалар ичидан совунни олиб, столга қўйдим.

— Совунингизни ваннахонага қўйсангиз бўлмайдими, дастурхонда нима бор, оч бўлсангиз ҳозир овқат сузиб келаман, — деб туриб кетди.

Эҳ, ўқимаган, совғани ҳам тушунмайди, бечора нима қилсин, шу пайтгача совға бермаган бўлсам, қайтиб келганида "Бу сенга совға” дедим.

— Шунча пулни сарфлаб, анча овора бўлибсиз, — деб кесатиб, совунни олиб ваннахонага кириб кетди. Майли, биринчи уриниш ёмонмас, деб қўйдим.

Эрталаб ишга кетаётсам, "Бугун кеч келсангиз керак?” деб сўраб қолди. "Қаердан билдинг?” десам, "Кеча, телефонингиз сумкангизда роса жиринглади, сумкангизни очишга мажбур бўлдим, менга совун бериб қутилибсиз, асосий совғани севгилингизга олибсиз, қўнғироқ қилган ҳам ўша бўлса керак”, деб тушундим.

Шунақа оғир аҳволга тушиб қолдимки, бунақа вазиятга тушгандан кўра "подъезд”да ит боқишга ҳам рози эдим. Барибир ишонтира олмадим.


Иккинчи макр

Аёллар нимани исташади? Ҳурмат, ширин сўз, муҳаббат... Эркаклар нимани исташади? Улар ҳам шу оддий нарсаларни: манти, ош, компот...

Ошпазнинг қизига уйланганимни эшитганлар тўйимдан кейин мени алоҳида табриклашганди, чунки овқат ейиш энг яхши хоббим эканлиги кўпчиликка аён. Лекин тўйдан кейин шунга амин бўлдимки, ошпазнинг қизига уйландим, деб керилиб, бекорларнинг бештасини "шашлик” қилиб еган эканман. Чунки хотиним отаси маҳалла тўйларига овқат пиширганда фақат сабзи тўғраб, ёрдамчилик қилганми дейман, сабзи-пиёз тўғрашни қийворади-ю, ошни ҳеч ўхшата олмайди. Бир куни олдимга овқат олиб келиб қўйди, еб бўлиб, ундан "шавла яна борми?” деб сўрасам, "Устимдан куляпсизми, еганингиз ош-ку!” дейди. "Ё, тавба, агар ҳозир еганим ош бўлса, мен Матрасулмас, Бред Питман”, деб юборибман, бир ҳафта аразлаб юрди. Эҳ, дўстлар, нимасини айтай, дардим ичимда, ҳақиқий ошни жуда соғинганман. Хотин бу кетишда маставани ҳам менга ош деб ўтказади. Якшанба кунларининг бирида хотинимни алдаб бозорга юбордим, баҳонада ўзим ош қилишга киришдим. Умримда ош қилмаганман, лекин бир уриниб кўрай, ҳар ҳолда хотиним пиширганидан кўра яхшироқ қилсам керак деб, ишга киришдим. Бир кило пиёз, икки кило сабзи тўғрадим, кўпроқ қилган яхши, бир ҳафта хотиннинг бемаза овқатларидан қутиламан. Музлатгични очсам, сўйилган хўроз тарашадек қотиб турибди, совуқ қотиб қолгандир бечора, деб шу туришда қозонга ташлаб, устидан бир баклажка доғланмаган пахта ёғини қуйдим. Сабзини ҳам солиб, телевизорни қўйсам, "Жиблажибон” сериали бериб турган экан, охиригача маза қилиб берилиб, томоша қилибман, бир лавҳада ошни кўрсатиб қолгач, ош пишираётганим калламга "тепди”, дарҳол ошхонага югурибман, қозонни очсам, эҳ, сал кечикибман, бояги хўроз бечора жиблажибонга ўхшаб кичрайиб қолибди, сабзилар гамбургернинг гўштидек қоп-қора бўлиб қолган. Ҳидни айтмайсизми, эҳ, икки кило лазер гуручни ҳам ювиб қўйган эдим, бари увол бўладиган бўлди. Шу пайт хотин ҳам бозордан қайтиб қолди. Ошхонага кириб ҳушидан кетди, музлатгичда турган совуқ чойни сепиб ўзига келтирибман. Анча масаллиқни увол қилганимни кўриб, ошхонага "виза” тизимини жорий қилди, яъни киришимни тақиқлаб қўйди.


Учинчи макр

Ишхонада ўтиргандим, хотиним қўнғироқ қилиб: "Электр кабелини кесиб кетишибди, энди "Келин”ни нима қиламан?” деб қолди. Қишлоқда яшайдиган укам яқинда уйланганди, янги келин уйга меҳмон бўлиб келган шекилли, деб "Шам-пам ёқиб, бир бало қилиб тур! Ишдан чиқиб монтёрни олиб бораман” десам, "Калака қилманг, шамда телевизор кўриб бўладими?” дейди. "Келин” сериали ҳақида гапираётганини кейин тушунибман. Кейинги пайтда электр кабелини кўп кесиб кетишяпти, бўйдоқлик пайтимда йилда икки марта пул тўлардим, энди эса ойда икки марта тўласам ҳам етмаяпти. Хотин кунига икки марта чангютгичда уйларни тозалайди, ахлат ташлашга чиқса ҳам кўйлагини дазмол қилади, телевизорда бирорта пишириқни кўриб қолса бас, электр печкани уч соат ёқиб қўйиб, шуни пиширади. Ўхшатсаям майли эди, ғинг демасдим, ғадир-будир қилиб, бир бало қилиб ташлайди, фақат у печеньени кучукка бериш мумкин бўлади, боз устига кучугимиз ҳам йўқ. Бас, етар, хотиннинг электрни исроф қилишига қарши курашаман, дедим-у, махсус макр ишлаб чиқдим. Уйга боргач, илк қилган ишим чангютгич қувурининг ичига латта тиқиб қўйиш бўлди. "Супиргилар келди” деб "дом”ларни довдиратадиган сотувчи йигит билан келишиб қўйдим. Эртаси куни келиб, уйимизнинг атрофида "санъати”ни намойиш қилишга сўз берди, чангютгич бузилганини кўрган хотиним зора супирги сотиб олса. Дазмолнинг симида "скочланган” жойи бор эди, шуни узиб қўйдим. Эрталаб хурсанд ҳолда келсам, хотин ҳеч нарса билмагандек чангютгични "тириллатиб” юрибди.

— Қаерда юрибсиз, аёл бошимга чангютгич ва дазмолни устага олиб бориб тузатиб келдим. Йиғиб қўйган икки юз минг сўмимнинг ҳаммаси кетди. Чарчаганим етмагандек деразамизни тагида бир жинни эртлабадан кечгача "Супурги сотаман” деб қулоқни тешиб юборди.

Унинг гапларини эшитиб, бу гал мен ҳушимдан кетай, дедим. Эҳ, бир чангютгичга тиқиб қўйилган бир парча латтани олиб ташлатиш учун устага шунча пул берибди, нодон. Уста ҳам инсофини хот-догнинг ичига ўраб, еганлар тоифасидан шекилли.


Тўртинчи макр

Олдинлари дастрўмолчалар кўз ёшлари билан ҳўл бўларди. Ҳозир эса чин муҳаббат қолмаганига фабрикадан тайёр ҳўл шаклида чиқарилмоқда...

Муҳаббат тараннум этиладиган сериалларда йигитлар хотинларининг қалбини ром айлаш учун атайлаб бошқалар билан юриб рашкини келтиришади. Хотинлари эса эридан қуруқ қолмаслик мақсадида қаттиқ курашишади, эрларига нисбатан ширин сўзли, меҳрибон бўлиб қолишади. Мен ҳам хотинимнинг рашкини синаш ва меҳрини янада ошириш мақсадида бир макр ўйлаб топдим. Бир куни ерга қараб, унга секин дедим:

— Хотин, биласан, сендан сир сақламайман, шу десанг, ишхонамизга янги қиз келди, шу қиз менга нисбатан бефарқ эмас.

— Янги келган ишчи бўлгандан кейин бефарқ бўлмай фарқли бўлиши керакми?

— Йўқ, сен тушунмадинг. У менга жуда меҳрибон.

— Ҳечқиси йўқ, ота меҳрига зор ўсгандир.

— Яна тушунмадинг, у ёш қиз эмас, мен қатори. Қисқаси, у мени севади.

— Сизни-я? — кулиб юборди.

Эҳ, яна ўхшамади шекилли. Эртаси куни тушлик маҳали ишхонага қайтсам, яқинда ишга келган Сайёрахон йиғлаб ўтирибди. Ҳамкасбларимнинг ҳаммаси менга хўмрайган нигоҳ билан қарашмоқда.

Кейин билсам хотиним ишхонага телефон қилиб, янги келган қизни сўраган, Сайёрахон янги келган эмасми, телефонга жавоб берган. Хотиним "Эр керак бўлиб қолдими? Ўзим топиб бераман сенга, қишлоғимизда Норқул бобо бор, эндигина етмиш бешга чиқди, шуни гаплашиб бераман”, деб, яна бир талай ҳақоратлар ёғдирибди. Эҳ, макр ишлатмай ҳар не бўлганим яхши эди, деб ўзимни роса сўкибман. Ҳаёт саҳнасида қобилиятсиз эпизодларга ҳам ўзига яраша роллар бор, дейишади. Лекин мен ҳаётда эпизодик ролни ҳам ижро этолмайман шекилли.
Категория: Новости | Просмотров: 641 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]