Главная » 2011 » Ноябрь » 28 » Дилноза ИСМИЯМИНОВА: «Бахтли она, севимли рафиқаман, аммо…»
18:35
Дилноза ИСМИЯМИНОВА: «Бахтли она, севимли рафиқаман, аммо…»




“Профессионал интервью-2” лойиҳамизнинг бу галги қатнашчиси «Ўзбекистон» телерадиоканалидаги «Ассалом, Ўзбекистон» дастури муаллифи ва бошловчиси Фахриддин САМАДОВ. У бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Ниҳол» мукофоти совриндори Дилноза ИСМИЯМИНОВА билан суҳбатлашмоқчи. Фахриддин САМАДОВ: — Негадир санъаткорлар ҳақида гап кетганда биз мухлислар кўпроқ уларнинг камчиликларини кўрамиз. Аммо барча ташвишларини бир четга суриб, сизу биз учун ижод қиладиган санъаткорлардан бири билан суҳбатлашишни анчадан буён дилимга тугиб юргандим. «Суғдиёна» газетаси менга бу имкониятни берганидан жуда хурсандман. — Маълумки, инсон ўтаётган умрига зимдан қараб қўяди. Ўтаётган йилда эришган ютуқларингиздан кўнглингиз тўлдими? — Оилада она сифатида фарзандим тарбияси билан кўпроқ шуғулландим. Ижодда аввалгига нисбатан сустлашган бўлсам-да, тўхтаб қолганим йўқ, янги қўшиқлар яратдим. — Ижодингизни кўп кузатаман. Сизнинг саҳна либосларингиздаги миллийликка мендан бошқа мухлисларингиз ҳам аҳамият беришса керак. — Клипларим замонавий бўлган тақдирда ҳам атласимга ҳеч қачон хиёнат қилмайман (кулиб). Чунки у менга ярашишини биламан-да! Мен учун атласнинг хунуги ёки чиройлиси бўлмайди. Кўрдимми, олавераман. Ҳозир атласдан тикилган либосларим элликтача бўлган шекилли. — — Ҳар икки йилда Самарқанд шаҳрида «Шарқ тароналари» номли йирик санъат анжумани ўтказилади. Унда дунё таниган машҳур санъаткорлар иштирок этишади. 2011 йилда ўтказилган VIII – фестивальда ҳамма учун таниқли италиялик қўшиқчи Ал Бано бизнинг юртга меҳри жўшганча заминимизни ўпиб «бу менинг ватаним» деганида кўнглингиздан қандай кечинмалар ўтган? — Этим жимирлаб кетди. Айнан ўша пайтда қанчадан-қанча халқларнинг нигоҳи бизнинг ватанга қаратилгани одамни севинтиради. Мен учун ватан, бу — оилам, яшаб турган маҳаллам, олаётган нафасим... Уни қанча мадҳ этмайлик, камдек туюлаверади. — Демак, уни қанча баланд куйламайлик, оз. Аммо ҳозир ватан ҳақида куйланганда кўзга ёш келтирадиган қўшиқлар ўрнига оддийгина ижро этилаётганлари кўпдек... — Хонанда бундай қўшиқ матни яратилаётган пайтдаёқ шоирга ўз ҳис-туйғулари ҳақида сўзлаб берса, ижрода уни ҳис этиб куйлай олади. «Элим» деб номланган қўшиғим шу зайлда яралгани сабаб уни студияда йиғлаб куйлаганман. — Бугунги эстрадада мумтоз қўшиқларнинг билиб-билмай куйланиши ҳам кузатилаяпти. Назаримда, бу санъатга нисбатан ҳурматсизлик. Фикрингиз қандай? Уни маромига етказмай куйлагандан кўра куйламаслик керакмикан? — Шахсан мен мумтоз қўшиқни оммага намойиш этишдан аввал уни куйлаган устоз санъаткорнинг эътиборига ҳавола этиб, хатолари устида ишлаб, оқ фотиҳасини олгачгина эфирга узатишим мумкин. Истардимки, саҳнада ижод қилаётган барча хонандалар ўтиб кетган устоз санъаткорларимизнинг қўшиқларидаги ўзига хосликни йўқотмаган ҳолда ижро этишса. — Юқорида «ватан, бу — оилам» деган жумлани қўлладингиз. Аксарият санъаткорлар турмуш ўртоғи ҳақидаги савол берилса, гапиришни исташмайди. Ахир яхши кайфият билан ижод қилишингизга у бош сабабчи-ку! — Албатта. Турмуш ўртоғим аслида менинг мухлисим эди. — Дилнозанинг қалби қулфига қандай калит тушади? Турмуш ўртоғингизни бошқа мухлислардан ажралиб турадиган қай бир хислати учун ёқтиргансиз? — Турмуш қуришдан аввал бир-биримизни узоқ синаганмиз. У киши ҳаддан зиёд меҳрибон, яхши-ёмон кунимда мени қўллашга ҳамиша тайёр. Санъатимни ҳам ҳурмат қилади, ҳеч қачон «оила ёки санъатни танла», деб шарт қўймаган. Фикримча, ҳозирги кундаги эришган ютуқларимда у кишининг ҳам ҳиссаси катта. —Таом тайёрлаш бобида у кишини қойил қолдира оласизми? — Овқатнинг мазали чиқишида ошпазлик маҳоратидан ташқари меҳр билан тайёрланишида ҳам гап кўп. Нима учун оналаримиз тухум қовуришса ҳам мазали чиқади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Фарзанди учун тайёрлаган таомига бир чимдим меҳрини аяшмайди-да улар! Аслида мен ҳам ҳамма бекалар каби ошхонада куймаланишни яхши кўраман. — «Ҳамма бекалар» деб тўғри айтдингиз. Аёлларимиз нима сабабдан иш таътилини ёзга олишлари ҳеч ким учун сир эмас. Мазза қилиб қуёшда тобланиш, ёхуд тоғ ҳавосидан нафас олиб келиш учунмас… — Тўппа-тўғри, қишлик консерваларни қилиб олиш учун. — Яшанг, шуни сўрамоқчи бўлиб тургандим. Санъаткор аёллар уйида банка ёпадими? — Тан оламан, бу борада нўноқроқман. Бирон нарса ёпишимга тўғри келиб қолса, онам ёки опамдан илтимос қиламан. — Санъат, оиладан ортган пайтингиздаги қизиқишларингиз борми? — Спортни жуда яхши кўраман. Сузишга мунтазам қатнайман. Фақат ҳозир кўпроқ вақтимни фарзандимга бағишлаганим учун ҳар доим ҳам бунинг иложи бўлмаяпти. Бир устоз санъаткор «бир пайтлар тўйма-тўй хизматда юриб, фарзандимга етарлича меҳр кўрсата олмагандим, энди ундан буни талаб қилишга ҳақли эмасман», деганида ич-ичимдан ижодимни оз муддатга четга суриб бўлса ҳам фарзандимни оналик меҳрида жудо қилмайман, деб ўзимга сўз бергандим. Эндигина икки ярим ёшга тўлган ўғилчамни шу пайтгача она сути билан боқишимга ҳам ўша гап туртки бўлганди. — Фарзандингиз спорт билан шуғулланишини истайсизми? — Албатта, футболчи бўлса қанийди! — Дилноза ўғил бола бўлиб туғилган бўлганида-чи? — Албатта спортда ўз ўрнига эга футболчи бўлардим. — Санъаткор ҳамиша мухлиснинг кўз ўнгида бўлади. Бунда у учун кайфиятингиз яхши ёхуд ёмонлигининг мутлақо аҳамияти йўқ. Кайфиятингиз ёмон бўлса-ю, саҳнага чиқишга тўғри келса, ўзингизни қандай қилиб тез ўнглаб оласиз? — Санъат шайдоси деган ибора мен ҳақимда бўлса керак. Қўшиқ айтаётганимда у тугагунга қадар ҳаммасини унутаман. Бу пайт мен фақат ва фақат қўшиғимнинг ичида яшайман. — Ижодингизга 1 дан 100 гача балл шкаласи бўйича баҳо бера оласизми? — Санъаткор ўзига-ўзи баҳо берган кун ижоддан тўхтаб қолади-ку! — Ўзингизга четдан баҳо бера олмайсизми? — (Кулади) Бу бошқа нарса-ку, мени чалғитишга уринманг. Ўзимга танқидий назар билан қарашни биламан. — Эзгулик йўлидаги ёлғонни оқлайсизми? — Бир неча бор оддийгина нарса учун ёлғон ишлатганимда ростга айланиб кетган. «Баллоним тешилиб қолди, кечикаяпман. Фарзандим бетоб, бора олмайман», деб баҳона қилганимда ростдан ҳам машинам тўхтаб қолиб, фарзандим иситмалаган. Шу сабаб оддий бўлса-да ёлғон ишлатишга қўрқаман. Ўз манфаати йўлида ёлғон ишлатганларга ҳам салбий муносабатдаман. Бир воқеа эсимга тушди: бир тўй хизматига борсам, сочининг ранги ва турмагини худди меникига ўхшатиб олган санъаткор фонограммани қўйиб олганча қўшиқларимни куйлаяпти. Ҳайрон бўлсам-да индамадим. Сал ўтиб, тўй эгаси бошловчига «навбатни Дилнозахонга Беринг», деди. Бошловчи «Дилноза ҳозиргина куйлади-ку», деса, «буниси ҳақиқийси», деб жавоб берди. Ҳеч қачон бундай ноқулай аҳволга тушмаганман. Навбатимни ўтказгач, ҳалиги иккиюзламачининг олдига бордим. Билсам, унинг исми Назокат, касби сартарош экан. «Тўйда ишлаган пулларингизни беринг-чи», деб пулини олдим ва тўй эгасининг қўлига тутқаздим: «Мана бу сизга сохта Дилнозадан тўёна!» У киши ҳеч нимани тушунмади шекилли, ҳайрон бўлди. —Бу унга дарс бўлдими? - Қаёқда дейсиз? Мухлис ва ҳамкасбларим ҳар замонда қўнғироқ қилиб тўйма-тўй Дилноза исми билан юрганини айтишади. Бир сафар ҳатто Саида Раметова «нима учун Дилноза мен билан сўрашмади?» деб ҳайрон бўлиб қараса, батамом бошқа одам экан. Ҳаммани олдида ҳақиқатни очиб, ёлғончининг шармандасини чиқарибдилар. Сохта Дилнозанинг телефон рақамини топиб қўнғироқ қилдим: «Қўшиқларимни куйлашингизга қарши эмасман, аммо исмимни ўзлаштириб юрганингиз инсофданми?» деб сўрадим. Саволим жавобсиз қолди. Бошқа у билан боғлана олмадим, телефон рақамини алмаштирган шекилли. Биласизми, биров билан тортишиб юрадиган одам эмасман, аммо бу вазиятга чек қўйсаммикан деб ўйлаяпман. Ҳозирча аниқ бир қарорга келганим йўқ. — Келинг, кайфиятни кўтарадиган саволларга тўхталамиз. Хотирада энг ўчмас из қолдирадиган дам бу ёшлик. Ёшлигингиз ҳақида гапириб беринг. — Тўрт фарзанднинг учинчиси бўлсам-да, жуда эрка ўсганман. Турмушга чиққан, бир ўғли бор аёлдан «отамнинг эркатойиман» деган гапни эшитиш ҳайратланарли, аммо бу бор гап. — Онангизнинг туғилган кунида қатнашмаган пайтларингиз бўлганми? — Бир марта бўлганди. Сабаби Ўзбекистонда эмасдим. Қайтиб келгач, ўтиб кетган туғилган кун учун базм уюштиргандим. Биласизми, турмушга чиққан қизнинг бўғзида нимадир тураркан. Бахтли она, севимли рафиқаман, аммо нима учундир ота-онамни кўрганимда хўрлигим келаверади. Сабабини ўзим ҳам тушунмайман… — Вақти-соати етиб, ота уйини тарк этиши қиз бола учун мерос. Келинг, яна ёшлик ҳақидаги саволларга қайтамиз. Ҳаммамиз ҳам мактаб чоғида «ким бўлсам экан» мавзусида иншо ёзганмиз. Сиз қандай касб эгаси бўлишни хоҳлагансиз? — Шифокор бўлишни орзу қилганман. Бир куни уйга балиқ келтиришди. Шприц олдим-у, балиқнинг ичига сув юборавердим, юборавердим… Охири қарасам, у еб бўлмайдиган даражада шишиб кетибди. Бошқа сафар уйдаги мушук боласини тутиб олиб, укол қилдим. Бечора мушук шу қочгандан қочдики, уйга қайтиб қадам босмади. — (Кулиб) Бечора мушук… Яхшиям шифокор бўлмаган экансиз. Феълингиз қанақа бўлган? — Тортинчоқ бўлганман. Аммо бу феълим хонанда бўлишимга тўсқинлик қилмади. Негаки уятчанлигим қўшиқ куйлай бошлашим билан ўз-ўзидан ғойиб бўларди. — Совға олишни яхши кўрасизми? — Жудаям! Концертни тугатиб, уйга келсам, бир мухлис подъездимиз остонасида катта торт ушлаб турибди. Бу энг эсда қоладиган совға бўлган. Гулдасталар ичидаги мактубларнинг бирортаси ҳам эътиборимдан четда қолмайди. — Энг бахтиёр лаҳзаларингиз… — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонини олган куним оналик бахтига муяссар бўлдим! Хулоса Фахриддин САМАДОВ: — Байрам, тантаналарда Дилнозахон билан кўп бора юзма-юз келганман. Санъатни қадрлайдиган инсон сифатида унинг ижодига беэътибор эмасдим. Бу лойиҳа баҳона хонанда билан дилдан суҳбатлашар эканман, инсонни янаям яхшироқ билиш учун кўнгил торларини чертиб кўриш керак, деган гапнинг нақадар рост эканлигига ишондим. Лойиҳа координатори: Нигора СОЛИҲОВА Фотомухбир: Эвилана УСМАНОВА Хонанда феълига чизгилар: · Болалигида бувиси уни ҳеч бўш қолдирмай турли тўгаракларга ёздирарди. Ўйинчоқ тўқиш, тикиш - бичиш, мусиқа, рақс. Уларнинг ичида энг узоқ қатнагани бу каратэ. Беш йил давомидаги машқлар самараси туфайли қора белбоғ соҳибаси бўлган. · Жуда рўзғорбоп бека. Ҳатто уйида Кир ювиш машинаси бўлиб туриб кирни қўлда ювади. · Авваллари ҳинд кинофильмларидан таъсирланиб кўз ёш тўкарди. Ҳозир кўз ёшини ҳеч кимга кўрсатмайди. · Сериал кўришни ёқтирмайди. Умуман телевизор кўришдан кўра, икки ярим яшар ўғлининг янги-янги қилиқларини кузатишни маъқул кўради. · Қачондир қизлик бўлса, унга фақат миллий либос кийдириши ҳақида орзу қилади. Маълумот: Тугилган жойи: Янги йўл шаҳри. Отаси: ҳайдовчи. Онаси: маданият ходими. Маълумоти: Ҳамза номидаги мусиқа коллежининг анъанавий мақом йўналиши бўйича Ўзбекистон давлат консерваториясининг эстрада хонандалик бўлимида педагогика мутахассислигини йўналишида таҳсил олган. Катта Саҳнада ўн тўрт йилдан бери ижод килади. Альбомлари: 5та. Энг хит қўшиқлари: «Дўппи тикдим», «Оҳу кўз», «Ошиқ бола», «Севмайман», «Тавба» кабилар.
Категория: Новости | Просмотров: 637 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]