Главная » 2011 » Ноябрь » 21 » «Болаларга кун бермасликда айблашди…»
17:23
«Болаларга кун бермасликда айблашди…»



 Эрим ва қайнопамлар уч-тўрт йилдирки Россияда ишлаб юришибди. Мени болаларга масъул қилиб қайнопамнинг уйига кўчириб кетишганди. У кишининг болалари ва ўзимнинг болаларимга қараб, юборилган пуллар эвазига рўзғор тебратиб турдим. Яқинда қайнопам Россиядан қайтди. Бўйга етиб қолган қизлари онасига ёмонлабди шекилли, қайнопам жанжал кўтариб, "болаларимга кун бермабсан, уларга яхши қарамабсан, шунча пулни нима қилдинг, бор йўқол, ўз уйингга кет”, деди. Болаларимни эргаштириб, қайнона-қайнотамнинг ҳузурига келдим. Хўжайиним ўша ердан телефон қилиб, "Онангникига кет, менга сендай хотин керак эмас, опамнинг болаларига қарамабсан”, деди. Қайнонам ҳам "қизимни болаларига қарамагансан”, деб ранжиб, гаплашмайди. Тўғри, ёш қизларни баъзида ножўя ҳаракатлари учун тергагандирман, ахир уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмасди. Энди нима қилай, ора йўлда қолдим.

Дилобар, Жиззах шаҳри

— Қайнонангиз бошчилигида қизларни, уларнинг онасини, ўз болаларингизни бир дастурхон атрофига тўплаб, яхшилик, яраш-яраш учун деб ош тайёрлаб, беғараз мулоҳазаларингизни баён қилинг. Кези келганда узр-маъзур сўранг. Тушунмовчилик оқибатида қизларнинг нозик кўнглига оғир ботадиган гап бўлгандир, балки шахсиятига теккандирсиз, жаҳл устида суяксиз тил ҳар нарса деб юборган бўлишингиз мумкин, синглим. Қизлардан ҳам узр сўранг. Ҳаёт синовлардан иборат. Нима бўлгандаям янгасиз, жуда камдан кам ҳолатда янгадан миннатдор бўлишади. Қайнопа келиндан жуда кўп хизмат, яхшиликлар кутади. Ҳатто эрингиз талаб қилолмаганни қайнопалар талаб қилишга ҳақлиман, деб ўйлашади. Қўпол қилиб айтганда, уларнинг жигарига "эга” чиққансиз-да. Бу фикр нотўғри бўлса-да, ўзбек оилаларининг аксарияти шундай деб ҳисоблайди. Ҳеч хафа бўлманг.

Қолаверса, қайнопангиз жондан азиз фарзандларини уч-тўрт йил кўрмаган, қаттиқ соғинган, уларнинг гап-сўзи тиллога баробар. Она-да ахир, уларга ишонмай, сиз — келинга ишонсинми? Ўзга юртда тирикчиликқилишнинг ўзи бўлмайди. Асаблари таранг, у ерларда пул топиш минг бир азоб. Ҳаммасининг аламини сиздан олишаётган кўринади, сабрли, иродали бўлинг. Ақл билан иш тутинг. Оилангизни асраб қолинг. Ўткинчи гап-сўзлар учун муқаддас оилани бузилишига йўл қўйманг. Болаларингизнинг келажаги, хўжайинингизни соғлиги ва оила мустаҳкамлиги ҳаммасидан устун.

«КЕЧАСИ КАСАЛ КЎРИШГА БОРДИМ, АММО…»

— 36 ёшга кирдим. Олий маълумотли шифокорман. Бирин-кетин уч фарзандим туғилиб, уйда ўтириб қолдим. Энди болаларим оёққа турди. Катта қизим саккиз ёшда, укаларини эплайди. Ишга чиқдим. Шифокор бўлганим учун қўни-қўшни, таниш-билиш ёрдамим керак бўлганда тунда ҳам чақириб қолишади ёки машинада келиб олиб кетишади. Қайнонамга бу ишим ёқмайди. Хўжайинимга "хотининг ишламасин, дўхтирлиги менга ёқмайди”, дедилар. Энди турмуш ўртоғим ҳам "ишламайсан” деб турибдилар. Ҳатто қўл кўтарадиган одат чиқардилар. Нима қилсам экан?

Наима, Навоий вилояти

 Наимахон қизим, ўқимишли, оқ-қорани таниган аёлсиз. Ҳозирча ширин оиланинг бекаси бўлиб юрганингиз маъқул. Нега дейсизми? Чунки ҳар бир оиланинг ўз тош-тарозуси бор. Айримлар келин танлаётганда ўқимишли бўлсин, дўхтир бўлсин ёки ўқитувчи бўлсин, деб хурсанд бўлиб тўй қилишади. Тўйдан кейин, айтганингиздай, бундай касб соҳибалари халқнинг хизматидаги фидойи инсонлар эканлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Уларга ўз хусусий мулки каби қарашади. Шунча йил азият чекиб ўқигани, давлат ҳар бир талаба ёшнинг мутахассис бўлиб вояга етмоғи учун қанчадан-қанча маблағ сарфлагани, ота-онангизга ҳам қиз болани ўқитиш осон бўлмагани ҳақида фикрлашмайди. Ахир булар ҳаммаси жамият олдидаги қарз-ку. Эл-юртга хизмат қилиб, эвазига яхшигина мояна олиб, оилага ҳам моддий манфаат келтиришнинг моҳиятига етишмаса керак. Худбинлик ҳаммамизда ҳам бор иллат, деб ўйлайман, аммо адолатсиз бўлиш керак эмас. Оила тинчлиги, бола-чақа хотиржамлиги ҳар нарсадан устун туради. Шунинг учун сиз бир муддат яна уйда уларнинг хизматини қилиб, фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб юринг, қизим. Вақт-соати етганда ўзлари сизни рози-ризолик билан ишга чиқишингизни сўрашади. Мени айтди, дейсиз. Ҳаёт шунақа. Ҳамма вақт ҳам атрофдагилар, ҳатто яқинларимиз ҳам бизни тўғри тушунавермайдилар. Балки биз билмаган, тушуниб етмаган сабаблар бордир. Биз уларни тушунишга, уларни қўллаб-қувватлашга ҳар доим тайёр бўлишимиз керак. Шунда ютамиз, ютқизмаймиз.

Категория: Новости | Просмотров: 582 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]