Главная » 2011 » Ноябрь » 20 » “Бир кириб кетинг дўконимизга…” Ёхуд шахсий буюмларни топшириш шартми?
10:22
“Бир кириб кетинг дўконимизга…” Ёхуд шахсий буюмларни топшириш шартми?


Остонасида қўриқлаш хизмати мавжуд йирик дўконга кириб борган аксарият харидорлар ана шу саволга тўқнаш келади. Қўлидаги сумкаси ё бошқа буюмини топширган мижоз, дўкон билан шахсий буюмларини сақлаш борасида шартнома тузган ҳисобланишини кўпчилик билмаса керак. Ваҳоланки, кўпгина савдо шахобчаларида "Маъмурият йўқолган буюмлар учун жавоб бермайди” деган ёзувга кўзимиз тушади. Бу борадаги ҳуқуқларимиздан хабардор бўлиб қўйсак, зиён қилмасди.

Кейинги пайтда кўплаб ўқувчиларимизни қизиқтираётган ушбу мавзудаги саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик. Истеъмолчи сифатидаҳуқуқларимизни ҳимоя қилишимизга юрист – консультант Лола Рустамова ёрдам беради.

ЖАВОБГАРЛИК ЙЎҚМИ?

— Аксарият магазинларга кираверишда харидорлардан сумкаларни қолдириб киришни талаб қилишади. Бироқ сақлаш камераларидаги буюмларнинг йўқолганлиги учун маъмурият жавоб бермаслиги таъкидланади. Бу қонунийми?

Одила Раҳимова, Тошкент шаҳри

— Йўқ, магазин маъмуриятининг бундай ҳаракати ноқонунийдир. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 875 – моддасига биноан, омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади. Шунингдек, шартномада сақлашнинг маълум муддатлари белгиланган бўлиши ҳам мумкин.

— Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 880 – моддасига кўра:

* Омонат сақловчи сақлашга топширилган ашёнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган, шунингдек бошқа барча зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

*Ашё сақлашга қандай ҳолатда топширилган бўлса, ўша ҳолатда қайтариб берилиши шарт.

ПЕШТАХТАДА ТУРИБ ЗАРАР ЕТСА, КИМ ТЎЛАЙДИ?

— Пойтахт дўконларидан бирини айланаётиб, тасодифан биллур гулдонни синдириб қўйдим. Сотувчилар унинг ҳаққини тўлашимни талаб қилишди. Айтингчи, дўкон ходимлари нохос синдириб қўйилган ёки тасодифан зарар етказилган буюмнинг ҳақини талаб қилишлари тўғрими?

Елизаветта Кутина, Тошкент шаҳри

— Йўқ, етказилган зарар миқдоридан қатъий назар, сиз тасодифан синдириб қўйган буюмингиз қиймати ё етказган зарарингизни қоплашга мажбур эмассиз. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 392 моддасига биноан, товарнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки тасодифан шикастланиши хавфи сотувчи товарни сотиб олувчига топшириш бўйича ўз мажбуриятини қонун ёки шартномага мувофиқ бажарган деб ҳисобланган пайтдан бошлаб сотиб олувчига ўтади. Яъни, сиз ҳали сотиб олмаган буюмингиз учун жавоб бермайсиз.

Шунингдек, дўкон ходимлари сизни ушлаб туриш, тинтиб кўриш ва дўкондаги молга етказилган зарарни қоплатиш учун кафолат тарзида ҳужжатларингизни олиб қолишга ҳақли эмаслар.

"Хавотир олманг, биз кўз-қулоқмиз”

Вадим. К., Тошкентдаги супермаркетлардан бири соқчиси:

— Супермаркетга кираверишда харидорлардан катта ҳажмдаги сумка, болалар аравачалари ёки бошқа дўконларда қилинган харидларни махсус сақлаш бўлинмасида қолдиришни сўрайман. Бу фақатгина мижозларга қулайлик туғдириш ва ўғриликнинг олдини олиш мақсадида қилинишини ҳамма тўғри тушунади, деб ўйлайман.


Категория: Новости | Просмотров: 607 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]