Главная » 2011 » Декабрь » 1 » «Агар алмашиб қолсак…» (иккинчи қисм)
14:59
«Агар алмашиб қолсак…» (иккинчи қисм)



Актриса Зайнаб Садриеванинг исмини эшитибоқ, кўз ўнгимизга салобатли Фармон биби келса, Обид Юнусовни эслаганда Ўткурий образи хотирада гавдаланади. Ушбу ижодкорлар сингари томошабин хотирасида ўчмас из қолдирган актёру актрисаларимизнинг адоғи йўқ. Биз экранда жиддийлигига ўрганиб қолган актёрлар томошабинни кулдира олишига, комик роль ўйнагувчилар дардли кўз ёшимизни тўка олишига ишонасизми? Келинг, буни ўзларидан сўраб кўрамиз, эплашармикан?

Саволлар:

1. Сизга амплуангизнинг акси бўлган образни ижро этишни таклиф қилишса, уни очиб бера олармидингиз?

2. Бунда сизнинг партнёрингиз ким бўлишини истайсиз?

3. Сизни янгича образда кўрган мухлисларингизни йўқотиб қўйишдан чўчимайсизми?

4. Яратиладиган образларингиз руҳиятингизга қай даражада яқин? Яъни сиз учун томошабинни кулдириш осонми ёки йиғлатиш?

5. Ҳаётда ҳам роль ўйнашингизга тўғри келадими?

6. Ўзингизга қарама-қарши амплуадаги қайси ролни ижро этишни истардингиз?

7. Қуйидаги образларнинг қай бирида мухлис қалбидан жой олишни истардингиз: энг зўр комик, трагик, жанговар, салбий ва энг зўр олижаноб роль учун?

8. Комик ёки трагик образ яратиш учун актёр қандай феъл-атворга эга бўлиши керак?



Карим МИРХОДИЕВ: «Аввал ўйналган ролдан кўчирма қилишни истамайман»

1. «Амплуа»мнинг акси бўлган образни қўйиб туринг, мен ҳатто ўзимни трагик образларни очиб бера оладиган даражадаги актёр деб ҳисобламайман. Бу мақомга эришиш учун ҳали кўп изланиш керак.

2. Қайси жанрдаги фильм бўлишидан қатъи назар, аввало профессионал партнёр билан ўйнаб мазза қиламан.

3. Ҳар бир актёрнинг ўз йўналиши бор. Менинг йўналишимга қарши бўлган образни яратишда фақат томошабин фикри билан ҳисоблашган бўлардим. Ахир актёрга баҳо бергувчи улар-ку!

4. Томошабинни кулдириш ҳам, йиғлатиш ҳам бирдек қийин. Сабаби ижромиз учун туҳфа этиладиган табассум ҳам, кўз ёш ҳам самимий бўлиши керак.

5. Ҳаётда ҳаммамиз ҳам роль ўйнаймиз.

6. Кимнингдир аввал очиб берган образини кўчирма қилмай, янгилик яратишни истардим.

7. Актёр учун ролнинг катта-кичиги, салбий ёҳуд ижобийси бўлмайди. У томошабин хотирасида кичик, аммо эсда қоларли эпизод билан ҳам ўчмас из қолдириши мумкин. Бу катта бахт.

8. Феъли хушчақчақ актёр бўла туриб, дарди бор образни маҳорат билан ярата олиш ҳам мумкин. Бу учун ижрочи албатта жиддий бўлиш шартмас.



Отабек МУСАЕВ: «Салбий қаҳрамон образини яратсам эди...»

1. Қайсидир образни мутлақ очиб бераман, дейишимнинг ўзи ноўрин. Мутахассислигим журналист, қанчадан-қанча тажрибали актёрлар бор. Улардан ўтиб ўйнай олмасам-да, ҳаракат қилиб кўрардим.

2. Муҳаммад Исони танлардим. Уни томошабин комик актёр деб билса-да, аслида у кучли драматик актёр.

3. Роль ижро этаётганда бу ҳақда умуман ўйламайман. Негаки актёрнинг вазифаси аввало берилган образни саҳнада реал кўрсатиб бера олишдан иборат.

4. Берилган ролни ижро этишим учун у менга қизиқ бўлиши шарт. Мен ижром ҳаётийроқ чиқиши учун дарди бор инсонларни кузатиб, ушбу образни жонлантиришга ҳаракат қиламан.

5. Шекспир бекорга ҳаётни саҳнага ўхшатмаган. Биз ролни ҳар қадамда ўйнаймиз. Айтайлик, бизнес ҳамкорингиз билан шартнома тузаётиб, ёмон кайфиятингизни яширишга ҳаракат қиласизми? Ана, бу ҳам роль ижро этиш эмасми?

6. Психологик жиҳатдан очилмаган қирраларимни намоён этадиган образни танлардим.

7. Салбий ролни ўйнашни хоҳлардим.

8. Бунда актёр аввало образининг ҳиссиётларини ҳис эта билиши муҳим. Яъни, у эмоционал бўлиши керак.


Юлдуз ҲАМИДОВА: «Мендан зўр Сотти чиқарди»

1. Ўзимни комик актриса деб ҳисобламайман. Аммо касбимиз шу, бошқа амплуадаги ролни ижро этишга доим тайёр туришимиз керак. Таклиф қилинган ролга розилик бериш учун биринчи ўринда сценарийни ўқиб чиқардим. Замирида бирон жиддий маъно бўлса албатта розилик билдирардим.

2. Фарҳод Абдуллаев билан комик жанрда партнёр бўлишни танлардим.

3. Қўрқмайман албатта. Ахир ўрта ва ундан катта ёшли актёрнинг саҳнада яна янги қирраси очилса, бу унинг ютуғи-ку!

4. Мен учун томошабинни кулдиришдан кўра йиғлатиш осон. Бунда ижродан аввал мен образнинг руҳий ҳолатини тўлалигича ўрганиб чиқаман. Баъзида шунчалик ўрганиб қоламанки, ҳатто фильм сўнгида ҳам унинг кечинмаларидан чиқиб кета олмайман. Бир неча ой нимамнидир йўқотиб қўйгандек, тушкун кайфиятда юрган пайтларим ҳам бўлган.

5. Йўқ. Мен саҳнада роль ўйнасам-да, ҳаётда табиийман.

6. (Кулиб) Сотти образи жуда ёқади. Уни ўйнасам, балки ўхшатиб беришим мумкиндир.

7. Томошабин хотирасида Лутфихоним Саримсоқова сингари драматик образда ўчмас из қолдиргим келади. Ушбу актриса бир дақиқанинг ўзида томошабинни ҳам йиғлатиб, ҳам кулдира оларди.

8. У аввало изланувчан, берилган образнинг руҳиятини ҳис эта оладиган эмоционал бўлиши муҳим.


Нигора СОЛИҲОВА
Категория: Новости | Просмотров: 645 | Добавил: JANOB_XECHKIM
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]